Қорақалпоғистонда саломатлик ҳафталиги
Президентимизнинг 2015 йил 18 февралдаги “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган Саломатлик ҳафталиги давомида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг профессорлари, терапевт, жарроҳ, кардиолог, невропатолог, офтальмолог, уролог, ортопед, травматолог каби малакали мутахассислар аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
– Кўрикда аҳолининг барча қатлами, айниқса, кекса авлод вакилларини тўлиқ қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Саломатлик ва тиббий статистика институти Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори Табассум Рўзметова. – Малакали мутахассислар гуруҳларга бўлиниб, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, болалар, фертиль ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом турмуш тарзи ва саломатлик асослари бўйича зарур тавсиялар бермоқда.
Тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратларида ўтказилаётгани аниқ ташхис қўйишда қўл келмоқда. Аниқланган хасталикларни бартараф этиш ва даволаш учун беморларга марказий клиникаларга йўлланмалар берилаётир.
– Биз, кексаларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун Юртбошимиздан миннатдормиз, – дейди Қораўзак тумани Киндикўзак овулида яшовчи меҳнат фахрийси Бийсенбой Султамуратов. – Пойтахтдан келган малакали шифокорлардан хиралашган кўзимни даволаш учун аниқ тавсиялар олдим.
Манба: uza.uz