Нуронийлар саломатлиги доимий эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик Самарқанд вилоятида ҳам юксак савияда ташкил этилмоқда.
Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси кўптармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган кўрикка тумандаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёши улуғ инсонлар, ногиронлар таклиф этилди.
– “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида бундай тадбирлар йил бошидан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда, – дейди Булунғур тумани тиббиёт бирлашмаси кўптармоқли марказий поликлиникаси мудири Дилбар Шертоева. – Бу галги кўрикка вилоятимиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг юқори малакали шифокор ва мутахассислари жалб этилди. Улар нуроний отахон ва онахонларни замонавий тиббий аппаратлар ёрдамида кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар берди. Даволаниши лозим бўлган нуронийлар тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланма олди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими томонидан дори-дармон ва тиббий воситалар тарқатилди. Мутахассислар ўттизга яқин иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фахрийси ва ногиронларнинг хонадонига бориб, уларни кўрикдан ўтказди.
Кун давомида уролог, гинеколог, невропатолог, офтальмолог сингари ўнга яқин мутахассислар 300 га яқин кексаларни тиббий кўрикдан ўтказди. Соғлом турмуш тарзи ва саломатлик асослари бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борди.
– Кардиолог кўригидан ўтиш учун келгандим, – дейди Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи Мамашариф Неъматов. – Барака топишсин, шифокорлар бир зумда текшириб, дори-дармон ёзиб берди. Кўпроқ ҳаракатда бўлишим, овқатланиш меъёрларига амал қилишим кераклигини айтди. Биз, кексалар учун шунча эътибор ва имтиёзлар берилаётганидан хурсандмиз.
Ғолиб Ҳасанов,ЎзА
Манба: uza.uz