UZ RU
07.08.2015

Сенаторлар "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунни қабул қилишди "

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини рўёбга чиқариш доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентнинг қуйи палатасига киритилган «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Қонуннинг ўрнига қабул қилинаётган ушбу қонун замонавий талабларни инобатга олган ҳолда мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини янада ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, санитария нормалари ва қоидаларини бажаришга, иншоотлар, бинолар, ташкилотлар, бошқа объектларни сақлаш юзасидан санитария-эпидемиологик талабларни белгилашга ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бу жараёнлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилган.

Сенаторлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши ушбу соҳада таъсирчан санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар уюштирилиши ва ўтказилиши, жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши учун ижро этувчи ҳокимият органлари ва назорат хизматларининг жавобгарлигини оширишга кўмаклашади, деб қатъий ишонч билдирдилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Источник: uzreport.uz