“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”
Ушбу шиор остида бутун мамлакатимиз бўйлаб йирик ижтимоий акция бошланади
Энг улуғ, энг энг азиз байрам – Истиқлолимизнинг 24 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 10 август санасидан бутун мамлакат бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланади.
Анъанага мувофиқ, мазкур тадбир ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари иштирокида ўтказилади. Акция доирасида уруш ва меҳнат фахрийлари ҳамда кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ҳафталиги ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу йирик ижтимоий тадбирни ташкил этишдан мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилиш ҳиссини кучайтириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдир.
Барчага аёнки, бугун Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, “2014 – 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида” ги Президент Қарори моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур ҳужжат фарзандларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, демакки, буюк келажак пойдеворини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар намунаси эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Юртимизда 2015 йилга “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилгани эса бу борадаги эзгу ишларнинг яна бир мантиқий давомидир. Зеро, кексаларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатишдек ибратли юмуш ёш авлоднинг маънавий камолотига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ижтимоий акция ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин. Негаки, биргина 2014 йилда шу каби тадбирлар туфайли 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу эса касалликларни барвақт аниқлаш ва уларни самарали даволаш имконини бермоқда. Ва энг муҳими, ана шундай амалий ишларимиз натижасида сўнгги ўн йилда ривожланишида нуқсони бор болалар сони 1,3 баробар камайди. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 фоиз ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.
Бутун мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтадиган навбатдаги ижтимоий акцияда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин етакчи олимлари ҳамда юксак малакали шифокорлари иштирок этишади. Улар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар.
Акция доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинади. Бу галги тадбир икки босқичда ташкил этилади. Дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказадилар. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги энг тажрибали мутахассислар иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Қувонарлиси шундаки, бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис тиббий кўрикларни самарали ўтказишга муваффақ бўлинмоқда. Юқори малакали шифокорлар туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаёқ замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишяпти. Бу, албатта, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожи йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасидир. Аниқ мисол билан гапирадиган бўлсак, биргина ўтган йили 133 та тиббиёт муассасаси янгитдан қурилди ва реконструкция қилинди. Гулистон шаҳридаги вилоят онкология диспансери, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази, Андижон шаҳридаги кўп тармоқли вилоят тиббиёт маркази, Нукус шаҳридаги Республика силга қарши кураш диспансери ва бошқалар шулар жумласидандир. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ва қарийб 30 миллион долларлик хорижий кредит ва грант маблағлари йўналтирилди.
Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилаётир. Бу эса ўз навбатида, одамларнинг узоққа қатнаб овора бўлмаслиги, мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этади. Саломатлик ҳафталиги шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан юқори малакали мутахассисларнинг энг чекка худудларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлар учун барча бирдек мамнун бўляпти.
Тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилади. Тадбир давомида пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертил ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинади.
Бу галги ижтимоий акция қамрови янада кенгайганлигини айтиш жоиз. Акцияда хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишади.
Энг муҳими, бу каби кўриклар туфайли кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, профилактик чора-тадбирларни сифатли ташкил этиш ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришилмоқда. Қолаверса, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён туриб, тажриба орттириш, соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, умуман, мутахассислар ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўладилар.
Ф.Санаев,
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати бошлиғи.