Тиббиёт академияси: давр билан ҳамнафас
Тошкент тиббиёт академияси 2005 йилда Президентимизнинг Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Қарори асосида биринчи ва иккинчи Тошкент Давлат тиббиёт институтлари негизида ташкил этилган. Ўтган ўн йил мобайнида мазкур таълим даргоҳида тиббиёт кадрлар тайёрлаш янги сифат босқичига кўтарилди, унинг моддий-техник базаси замон талаблари асосида мустаҳкамланди.
Бугунги кунда академия факультетларида 5000 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиздан икки нафари Ўзбекистон Фанлар академияси, 11 нафари Россия ва Европадаги турли академияларнинг академиклари, 76 нафари фан доктори, 136 нафари фан номзодлиги даражасига эга.
Истиқлол шарофати туфайли академиямизда янги очилган ҳарбий тиббиёт факультети нафақат мамлакатимизда балки Марказий Осиё давлатлари ичида ягона ҳисобланади. Факультет Қуролли Кучларимизга, Ички ишлар тизимига малакали шифокор кадрлар тайёрлайди. Бу йўналишда таълим олаётган талабаларга етук профессор-ўқтувчиларимиз ҳам амалий, ҳам назарий билим бериб келишмоқда.
Академиямизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқув лабораторияларини жиҳозлаш бўйича грант-лойиҳалари ажратилган бўлиб, шу асосда ўқув марказлари ва лабораториялар ташкил этилди. Тошкент тиббиёт академиясининг барча ўқув бинолари ва талабалар турар-жойларини тўлиқ тамирдан чиқарилиши, жаҳон андозаларига мос жиҳозланиши, «Шифокор» спорт мажмуасининг барпо этилиши, тиббиёт академияси академик лицейининг қурилиши мустақиллигимизнинг имкониятлари туфайли, албатта. Агар мустақиллик бўлмаса, бу каби улкан ишларни амалга оширишига ким рухсат берарди. Давлатимиз томонидан ушбу қурилиш, таъмирлаш, реконструкция ҳамда жиҳозлаш ишларига 70 миллиард сўмдан кўпроқ миқдорда маблағ сарфланди. Бундан ташқари, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва ўқув лабораторияларини жиҳозлаш бўйича грант-лойиҳалари ҳам ажратилган. Шунингдек, академияда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ врачлик пункти (ҚВП) модули, туман давлат санитария эпидемиология (ДСЭНМ) модули, олий маълумотли ҳамшира (ОМХ) маркази, ОСКИ маркази, Педиатрия ўқув лабораторияси, амалий кўникмаларни эгаллаш лабораторияси каби марказ ва лабораториялар ташкил этилган. Ушбу ўқув марказлар ва лабораториялар академияда ўқитиладиган фанлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаш, лаборатория ишларини бажариш имконини бермоқда.
Ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясида 1750 ўринга мўлжалланган 5 та талабалар турар-жойи капитал таъмирдан чиқарилган. Талабалар турар-жойларида талабаларни кириб чиқишларини назорат қилиш учун турникет ўрнатилиб, замон талаблари даражасида жиҳозланган. Барча талабалар турар-жойларида маънавият хоналари, овқатланиш хонаси, кутубхона ва бошқа ёрдамчи хоналар ташкил этилган. Талабалар дарсдан бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун футбол, волейбол, баскетбол, енгил атлетика учун спорт майдонлари мавжуд.
Президентимизнинг «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори асосида жорий йилнинг май ойидан 180 нафар профессор-ўқитувчи инглиз тили курсларида малакасини оширмоқда. Бакалавр ва магистратура йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун инглиз тилида турли маърузалар ўқиш, очиқ дарслар ва семинарлар мунтазам ташкил этиб борилмоқда. Магистратура битирувчилари ва академия қошидаги махсус илмий кенгашлардаги аксарият диссертация ҳимоялари инглиз тилида амалга оширилаётир. Ўтган ўқув йилида бакалавр таълим йўналишларида — 106, магистратура мутахассисликларида эса 27 фандан дарслар инглиз тилида олиб борилди. Профессор-ўқитувчиларнинг илғор педагогик технологияларни ўрганиши бўйича ҳам мунтазам ўқув курслари ташкил этилган. Янги педагогик технологияларни ўқув жараёнига жорий этиш, уларнинг услублари, воситаларини тиббиётда лойиҳалаштириш ва режалаштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Халқаро илмий ҳамкорликлар асосида инвестицияларни жалб қилиш, халқаро фондлар имкониятларидан фойдаланиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. АҚШ, Корея, Буюк Британия, Россия, Миср Араб Республикаси, Исроил каби давлатларнинг ўқув, илмий ва даволаш марказлари билан ҳамкорлик қилинмоқда. Бу давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари етук профессор-ўқитувчилари академиямиз талабаларига маърузалар ўқиш учун ҳамкорлик доирасида Ўзбекистонга ташриф буюради. Талабаларимиз орасида ўз устида тинимсиз изланадиган иқтидорли ёшлар кўплаб топилади. Улар республикамиз ва халқаро илмий анжуманларда фаол қатнашиб келади. Жумладан, «Кардиология» йўналиши 3-босқич магистратура талабаси Жамол Узоқов Европа Кардиологлар Ассоциацияси ва Европа Респиратор уюшмаси аъзоси, Европа ва Америка қитъаларидаги нуфузли журналларда 50 га яқин илмий мақола чоп этган, нуфузли конференцияларда қатнашиб сертификатлар билан тақдирланган. Шунингдек, талабаларимиз орасида давлат мукофоти соҳиблари ҳам бор. Даволаш факультетининг 2 курс талабаси Билолиддин Шарофиддинов «Шуҳрат» медалига лойиқ кўрилгани жамоамизнинг катта ютуқларидан бири бўлди.
Талабаларимизни миллий истиқлол ғояси ва она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда шифокорлик масъулиятини чуқурроқ сингдириш 1-курсдан бошланади. Ҳар йили сентябрь ойида «Туркистон» саройида «Талабалик қасамёди» қабул қилиши тадбири ўтказилади. Айни пайтда академиямизнинг tma.uz сайти ишлаб турибди.
Тошкент тиббиёт академиясида анъанавий равишда 11 йил давомида (ҳар йили 2 марта) «Биз буюк юрт фарзандларимиз» шиори остида спорт байрами ўтказиб келинади. Бу байрам тадбирида 4000 нафардан ошиқ профессор-ўқитувчи ва талабалар иштирок этади. Ҳар йили пойтахтимиздаги барча олий ўқув юртларининг иқтидорли талабалари таклиф этилиб, улар иштирокида Ўзбек миллий театрида «Биз Ибн Сино издошларимиз» мавзусида театрлашган тадбир ўтказиб борилади.
Тиббиёт академиясида Марказий илмий текшириш лабораторияси мавжуд бўлиб, унинг таркибида «Тиббий генетика ва имунафермент текшириш», «Фармакологик токсикология», «Молекуляр ҳужайра технологияси ва электрон микроскопия», «Биологик ва иммунологик тадқиқотлар» бўлимлари фаолият олиб бормоқда. Янги лабораториялар ташкил этиш бўйича олий таълим муассасалариаро илмий текшириш лабораоторияси структураси шакллантирилган. Тез кунларда 3,4 миллион долларлик асбоб-ускуналар олиниб, ушбу лабораторияларнинг ишга туширилиши кутилмоқда.
Келгусида таълим жараёни сифатини янада ошириш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва тарбиявий ишларни такомиллаштириш, моддий-техника базани мустаҳкамлаб бориш мақсадида бир қатор режалар ишлаб чиққанмиз. Жумладан, айни вақтда академиямизнинг ҳудудида 3 та йирик марказ қурилиши устида иш олиб бораяпмиз. Бундан ташқари, фундаментал тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва халқаро стандартлар талабларига мос келадиган илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун академиямизда янги тиббий биология факультетини ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Мустақиллик шарофати туфайли академиямиз нафақат юртимизда балки Марказий Осиёда ҳам нуфузли олий ўқув юртларидан бирига айланди. Биз профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар зиммамизда шарафли, масъулятли вазифалар турганлигини яхши ҳис қиламиз. Шу боис талабаларимизни Ватанимиз равнақига-равнақ қўша оладиган, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларимизнинг шонли анъаналарига муносиб авлод этиб тарбиялашни мақсад қилганмиз.
Турдиқул БОБОМУРОТОВ, Тошкент тиббиёт академияси маънавият ва маърифат ишлари проректори, тиббиёт фанлари доктори профессор.
Манба: uzbekistonovozi.uz