Cенат олтита қонунни кўриб чиқади
6 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилади.
Сенат матбуот хизматига асосланиб, ЎзАнинг хабар беришича, ялпи мажлисда 11 та масала, шу жумладан, 6 та қонун кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Сенаторлар, хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқишади.
Ушбу қонун Президентнинг 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган
Шунингдек, мажлис кун тартибига “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун ҳам киритилган бўлиб, мазкур ҳужжат мамлакатимизда ишчанлик муҳити оширилишини таъминловчи, жамоа бўлиб инвестиция қилиш самарали тизими яратилиб, аҳоли ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар учун вақтинча бўш турган маблағларни турли устувор инвестиция лойиҳаларига киритиш имконини берувчи ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилишига ёрдам беради.
Сенаторлар “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ва “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги қонунларни ҳам муҳокама қилишади.
Бундан ташқари, Сенат аъзолари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглайдилар.
Манба: gazeta.uz