Соғлом авлод орзуси ижобати
«Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур». Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан илгари сурилган ушбу эзгу ғоя жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишини белгилаш, долзарб тиббий-ижтимоий масалаларни ҳаётга татбиқ этиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Ўтган йиллар мобайнида ушбу соҳадаги ишларни ташкил этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва ташкилий механизми яратилди. Аҳоли, жумладан, оналар ва болаларга самарали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим барпо этилди. «Соғлом она – соғлом бола» мақсадли дастури ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда.
Жаҳон амалиётида илк бор мамлакатимизда ҳомиладор аёллар давлат бюджети ҳисобидан бепул поливитаминлар билан таъминланмоқда. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш тўла бажарилаётир. Мамлакатимиздаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида тиббий-илмий марказлар ва етакчи клиникалар олимлари ва мутахассислари иштирокида аёллар, болалар, ўсмирлар ва кенг аҳоли қатламларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш анъанага айланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Бу жараёнда болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда болаларга жаҳон тиббиётининг илғор тамойиллари асосида тиббий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган ўзига хос тизим яратилган. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва вилоятлардаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
2014 йили «Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази тубдан реконструкция ва модернизация қилинди, бир қатор бўлимлар учун янги бинолар қурилди. Натижада мазкур тиббиёт масканининг маслаҳат-ташҳис поликлиникаси ва даволаш бўлимларида йилига ўн икки мингдан ортиқ болага жаҳон андозалари даражасида бепул тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Болаларда учрайдиган касалликларнинг олдини олиш, диагностика ва даволашнинг самарали усулларини яратиш мазкур марказ фаолиятининг устувор йўналишидир. Қарийб тўқсон нафар олим ва тадқиқотчи фаолият юритаётган марказда илмий изланишлар жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари, ихтисослаштирилган тиббий-илмий марказлар, олий ўқув юртлари ва етакчи хорижий клиникалар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўз самараларини бермоқда. Шу боис болалар ўртасида учрайдиган бир қатор касалликларни даволашнинг замонавий усуллари яратилди. Ўпка ва нафас йўллари хасталиклари, энтераль етишмовчиликда ҳужайрада рўй берадиган бузилишлар, онадан болага ОИТС юқишининг олдини олиш, кам вазнли чақалоқларни соғломлаштиришнинг оптимал усуллари шулар жумласидандир.
Марказда даволаш ишлари илмий изланишлар билан уйғун ҳолда олиб борилади. 400 ўринли клиникадаболаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Мазкур муассасада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг замонавий илғор технологияларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, репродуктив саломатликни сақлаш, перинатал ёрдам, чақалоқларнинг бирламчи реанимацияси, кўкрак сути билан боқишни тарғиб этиш, болалар касалликларини интеграллашган усулда даволаш, гўдакларнинг ривожланишини мониторинг қилиш каби қатор дастурлар амалга оширилмоқда.
– Жаҳон миқёсида касалликларни интеграллашган усулда даволаш услуби кенг қўлланилмоқда, – дейди марказ директорининг ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Абдуманноп Абдуқаюмов. – Бу замонавий технология камхаржлиги, беморни тез ва самарали даволашга асослангани билан аҳамиятлидир. Ана шундай лойиҳалар ёрдамида болалар ўртасида учрайдиган кўпгина касалликларнинг олдини олиш, эмлаш орқали юқумли хасталикларга қарши курашиш, чақалоқлар ўлимини кескин камайтириш, болаларнинг саломатлик кўрсаткичини яхшилаш имконияти яратилди.
Фан ва технологиялар тобора ривожланган бугунги даврда тиббиёт соҳасидаги янги ихтиролар илгарилари даволаш имкони бўлмаган кўплаб хасталикларни аниқлаш ва соғломлаштиришда қўл келмоқда. Бундай замонавий имкониятлар педиатрия соҳасига ҳам кенг татбиқ этилаётир. Олимларимиз олиб бораётган илмий лойиҳалар натижасида кўплаб юқори технологияли самарали даволаш усуллари амалиётга жорий этилди.
Заиф эшитадиган болаларни оператив усулда даволаш бўйича татбиқ этилган кохлеар имплантация – шундай усуллардан. Туғма ва орттирилган касалликлар туфайли эшитиш қобилиятидан маҳрум бўлиш боланинг саломатлиги, тўлақонли ривожланишига тўсқинлик қилади ва кўп ҳолларда ногиронликка сабаб бўлади. Тиббиётнинг жадал тараққий этиши бу муаммони бартараф этишда кенг имкониятлар яратди. Бироқ, ушбу операция усули анча мураккаб бўлиб, бунинг учун юқори малакага эга шифокорлар, энг сўнгги русумдаги тиббий технологиялар, имплантантлар талаб этилади. Шу боис бу усул саноқли мамлакатларда амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, операция йўли билан соғломлаштирилган бола тўла ҳаётга мослашиши учун ўзига хос тиббий реаблитация босқичларидан ўтиши зарур. Кохлеар имплантация операцияси йўлга қўйилган айрим давлатларда операциядан кейинги тиббий реабилитация масаласига эътибор қаратилмаган. Мутахассисларимиз янги операция усулини жорий этишдан аввал жаҳон тиббиётида ушбу соҳадаги ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммоларни ҳам чуқур ўрганди. Шу асосда шакллантирилган янги даволаш усули икки босқични – беморни операция йўли билан соғломлаштириш ва уни ҳаётга тўла мослаштириш, яъни тиббий реабилитация масаласини ҳам қамраб олгани ва муваффақиятли амалга оширилаётгани хорижлик мутахассисларда қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимизда бугунги кунгача қарийб 200 болага ушбу замонавий усулда малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.
– Қизим Мунисахон дунёга келганда оиламиздагиларнинг қувончи чексиз эди, – дейди косонсойлик Шоҳиста Мамасаидова. – Тиббий кўриклардан сўнг унинг эшитиш қобилияти заиф эканлигини билиб, қаттиқ изтиробга тушдик. Қишлоқ врачлик пунктимиз шифокорларининг тавсияси билан Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келдик. Қизим 2014 йилда янги усулда операция қилинди ва эшитиш қобилияти тўла тикланди. Ҳозирги кунда шифокорлар ва сурдо педагоглар ҳамкорликда унинг нутқини ривожлантириш устида иш олиб бормоқда. Ота-она учун фарзандининг соғлом бўлиб вояга етаётганини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Президентимизнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли қизим ҳам тенгдошлари каби соғлом бўлиб вояга етаётганидан бениҳоя мамнунман.
Айни пайтда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида давлат гранти асосида ушбу янги даволаш ва тиббий реабилитация усулини янада такомиллаштириш, реабилитация босқичида педагоглар ва ота-оналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Марказ олимлари эришаётган бундай ютуқлар хорижда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатимиз ҳукумати, Европа Иттифоқи ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида амалга оширилган “Она ва бола саломатлиги” лойиҳаси доирасида олиб борилган баҳолаш натижалари якунида юртимизда тиббиёт ва самарали перинатал парвариш усулларини татбиқ этиш, болалар касалликларини интеграллашган усулда даволаш бўйича салмоқли натижаларга эришилгани қайд этилди. Халқаро экспертларнинг фикрича, ҳомиланинг туғилиш пайтидаги асфиксияси, неонатал гипотермия, ўткир ичак касалликлари камайганлиги ҳамда дори-дармонларни рационал ишлатиш кабилар юқори муваффақият ҳисобланади.
Халқаро миқёсда ўтаётган кўпгина анжуманларда бундай ўзига хос натижалар алоҳида эътироф этилмоқда. Хусусан, 2014 йили ўтказилган мамлакатимиз педиатрларининг еттинчи съездида Ўзбекистон БМТнинг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараённинг фаол иштирокчиси экани ва бу борада давлатлар олдига қўйилган вазифаларни муваффақиятли ҳаётга татбиқ этаётгани ҳамда белгиланган йўналишларда кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчилик қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Эътиборлиси, тиббиётимизнинг бундай ютуқларини янада оммалаштиришга йўналтирилган илмий лойиҳалар кўлами тобора кенгаймоқда. Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ўнга яқин давлат гранти асосида педиатриянинг долзарб масалаларига бағишланган илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Илм-фанимиз ва амалиётда эришилаётган юқори натижаларни ҳудудларда кенг оммалаштириш ҳам доимий эътиборда. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу йўналишда умумий амалиёт врачлари, педиатрлар, неонатологлар иштирокида ҳудудларда янги технологиялар намойишига оид юздан ортиқ маҳорат сабоқлари ташкил этилди. Уларда олимларимизнинг далилларга асосланган тиббиёт ютуқлари, тиббий стандартларни жорий этиш, профилактика, диагностика, даволашнинг замонавий усулларига оид тадқиқотлари ва янги даволаш усуллари бўйича тажриба алмашилди.
Жамиятимизда изчиллик билан амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар ҳар томонлама соғлом авлодни шакллантириш ва вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2005 йилдан буён мамлакатимизда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар 1,3 баробар камайди. Болалар ўртасида ўткир юқумли касалликларга чалиниш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 фоизга ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди. Мамлакатимизда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг стандартларига тўла мос келади.
Буларнинг барчаси юртимизда ҳар жиҳатдан баркамол, соғлом авлод вояга етаётгани, халқимизнинг соғлом авлод камолотини кўриш билан боғлиқ орзулари рўёбга чиқаётганининг далолатидир.
Баҳор Хидирова, ЎзА
Манба: uza.uz