ЭНГ ЗАМОНАВИЙ СПОРТ ТИББИЁТИ ИЛМИЙ АМАЛИЙ МАРКАЗИ
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ҳамда 2013 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 226-сонли қарорига мувофиқ ташкил қилинган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биносида жойлашган ушбу спорт тиббиёти маркази 5 бўлимдан иборат бўлиб, бу ерда 585 турдаги энг замонавий тиббий махсус асбоб-ускуналар ўрнатилган.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бундай тиббий-биологик марказлар дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд.
Республика спорт тиббиёти илмий амалий марказида нафақат мамлакатимиз, балки хориждан таклиф этилган етакчи шифокорлар ҳам фаолият олиб борадилар. Марказда спортчилар ва спорт жамоаларига, шунингдек, республика аҳолисига, хорижий фуқароларга диагностика ва даволаш сифатининг тасдиқланган стандартларига риоя қилиш шарти билан амбулатор тиббий ёрдамнинг барча турларини, шу жумладан, диагностик ва лабаратория тадқиқотлари ўтказиш бўйича хизмат кўрсатилади.
Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази расман фаолиятини бошлагандан сўнг, ўтган қисқа вақт ичида бу ерга Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси раҳбари, Осиё Олимпия кенгаши президенти Шайҳ Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳ, шунингдек, спортнинг қатор турлари бўйича Халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари ташриф буюриб, марказда яратилган шароитларга юқори баҳо бердилар.
Республика спорт тиббиёти илмий амалий марказида бошқа спорт тиббиёти марказларидан фарқли равишда, бу ерда спортчиларга барча текширишлар, жумладан, нурли ташҳис, компьютер тамографияси, магнит резонанс тамографияси (МРТ) текширувларидан ўтиш, зарур дори-дармон ва замонавий боғлов материалларини ҳарид қилиш имкониятлари яратилган.
Источник:www.turkistonpress.uz