UZ RU
28.07.2015

Ўзимизни чоҳга ташламайлик

Президентимиз раҳнамолигида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида ОИВ/ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш, тез ва аниқ ташхис қўйиш, даволаш ишларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 сентябрдаги “2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.

ОИТС касаллиги тарқалиши глобал миқёс касб этган бугунги кунда унга қарши тиббий кўрикдан ўтишни ортиқча расмиятчилик деб ҳисоблайдиганлар ҳам ҳамон учраб турибди. Яқинда Ғаллаорол тумани ОИТСга қарши кураш лабораторияси мудири Раҳматулла Суяровнинг ҳузурида текширувдан ўтишга келган ёш келин-куёвнинг эътирозига гувоҳ бўлдик.

– Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида ўтирганлар ОИТСга қарши текширувдан ўтмасдан ҳужжат расмийлаштиришмас экан, – дейди йигит норози оҳангда.

– Шарт, – деди лаборатория мудири. – Кўпчиликда, жумладан, сизда ҳам бу касаллик фақат енгил табиатли кишиларда, гиёҳвандларда учрайди, деган бир ёқлама тушунча бор. Бугунги тараққиёт замонида ҳеч бир одам ушбу касалликдан кафолатланмаган. Чунки ОИТС касаллиги тиббий, маиший хизмат воситалари, жумладан, барча фойдаланадиган сартарошхона, стоматология асбоблари орқали ҳам юқиши мумкин. Дунё миқёсида касалликнинг тарқалиш географияси кенгайиши билан, афсуски, унинг юқиш манбалари ҳам кўпайиб бораётир. Демак, текширувдан ўтиш шарт.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида тиббий муассаса маълумотлари бўйича шу йилнинг олти ойида текширувдан ўтган ёшлар орасида бундай касаллик қайд этилмаган. Бироқ туманда ушбу хасталик билан даволанаётганлар бор.

– Туман ОИТСга қарши кураш лабораторияси иш бошлаган йилларда бу касаллик ҳали қайд этилмаган бўлиб, текширувдан ўтиш ҳам ҳозиргидек долзарб эмасди, – дейди Р.Суяров. – Эндиликда бу касаллик барча учун жиддий хавфга айланмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши кураш тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниши хасталикнинг олдини олиш, унга қарши текширувдан ўтказиш, бу дардга чалинган беморларни даволашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратди. Ушбу қонун ва ҳукуматимиз қарорлари асосида лабораториямиз махсус бино ва барча жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.

Бугунги кунда вилоятда ОИТСга қарши кураш маркази, бешта туманлараро лаборатория, 12 “Ишонч хонаси” фаолият кўрсатаётир. Бу тиббий муассасаларда барча шароит яратилгани хавфли касалликнинг олдини олишдаги профилактик тадбирларнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилмоқда.

– Марказимиз лабораториясининг замонавий тиббий ускуналар билан тўлиқ жиҳозлангани ушбу хасталикнинг барча босқичларини ишончли аниқлаш имконини бераётир, – дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Илҳом Норбоев. – Олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари туфайли аҳолининг ОИТС тўғрисидаги хабардорлиги ортмоқда. Айни пайтда марказнинг “Ишонч хонаси”га мурожаат қилган шахслар илгаригидек фақат гиёҳвандлардан иборат бўлмай, улар орасида хорижга бориб келганлар ҳам бор. Марказга мурожаат қилаётганларга касаллик хавфини камайтиришда ёрдам кўрсатилиб, ҳимоя воситалари тарқатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида 2013-2017 йилларда ОИВ инфекциясига қарши кураш Стратегик дастурида хасталикнинг олдини олишда маърифий-тарғибот ишларини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Ушбу дастурга мувофиқ, вилоятда ОИВ/ОИТС касаллиги эпидемиясининг олдини олиш бўйича стратегик тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Стратегик тадбирлар режасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ОИТСга қарши кураш маркази ва унинг туманлараро лабораторияларида касалликни аниқлаш, унга чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш билан бирга одамларнинг у ҳақдаги хабардорлигини ошириш мақсадида аҳолининг барча тоифалари ўртасида тиббий, маънавий-тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ОИТСга қарши кураш маркази Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали билан ҳамкорликда 166 маротаба маърифий-тарғибот тадбири ўтказди.

Бу йўналишда тиббиёт, ички ишлар ходимлари, хотин-қизлар қўмиталари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари ҳамкорлигида ўтказилаётган “Биз – ОИТС ва гиёҳвандликка қаршимиз”, “Огоҳлик – давр талаби” “Ёшлар, огоҳ бўлинг ОИТС” каби мавзулардаги маърифий тадбирлар самарали бўлмоқда. Тадбирларда хавфли хасталикнинг оқибатлари видеофильмлар орқали тўлиқ очиб берилаётир. Иштирокчиларга ундан сақланиш бўйича маслаҳатлар берилаётгани тадбирларнинг амалий аҳамиятини оширмоқда. ОИТСга қарши курашда миллий одоб-ахлоқ қоидаларини ёшларга чуқур сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллаларнинг фаоллигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Источник:www.uza.uz