UZ RU
28.07.2015

Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Сирдарёда «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фармацевтика соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Фармацевтика фаолиятини такомиллаштириш, аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш, хориждан кириб келаётган дори-дармонлар сифатини назорат қилишдек муҳим вазифаларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда бугунги кунда8 тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, 15 назорат-таҳлил лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, соҳада рўй бераётган янгиланишлар амалдаги қонуннинг айрим нормаларига ўзгартиш киритишни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари М.Хўжаева ва бошқалар халқаро андозалар даражасида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси мамлакатимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишини таъкидлади. Қонун лойиҳаси амалдаги қонунга нисбатан янги моддалар билан тўлдирилмоқда. Давра суҳбатида қонуннинг мазмун-моҳияти, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг фармацевтика саноати ривожи ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдаги аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқарувчилар, даволаш-профилактика муассасалари ва дорихоналар мутасаддилари иштирокида кенг муҳокама қилиниши қонунни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Источник:www.uza.uz