Инсон манфаатлари — олий қадрият
Маълумки, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 17 июль куни “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур дастуриламал ҳужжат барчамизнинг Истиқлол аталмиш бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини янада чуқур идрок этишимизда, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган муваффақиятлар замирида ватандошларимизнинг заҳматли меҳнати ётганини яна бир бор англаб етишимизда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, аввало, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берувчи Мустақиллик шарофати билан халқимиз турмуш тарзи, дунёқараши, фикрлаши тобора ўзгармоқда, мамлакатимиз дунё миқёсида юқори кўрсаткичларга эришаётир.
Буни ижтимоий соҳалар, хусусан, тиббиёт тизимидаги ютуқларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Уларнинг аҳамияти, ташкилий-ҳуқуқий асосларининг мазмун-моҳиятини электоратимизга холис, теран ва самарали етказиб бериш депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Қарорда соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур қилиб ҳам бўлмайдиган беқиёс имкониятларни аҳолига тушунтириш вазифаси алоҳида белгилаб қўйилган.
Бинобарин, ўтган қисқа даврда мамлакатимизнинг барча ҳудудида, шаҳарлардан тортиб, энг олис, чекка қишлоқларда ҳам аҳоли, хусусан, она ва бола, оилаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда кўлами замонавий даражага етди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этилди. Улар мустаҳкам моддий-техника базаси билан таъминланди. Пировардида сўнгги йилларда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди, 6 — 15 ёшли ўғил-қизлар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоиз, пневмонияга чалиниш 49,7 фоиз, бронхит билан хасталаниш 32,8 ҳамда сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз пасайди.
Авваллари ҳаттоки ҳомиладор аёллар ҳам саломатлигини тўла-тўкис текшириш учун пойтахтга келиб-кетишга мажбур бўлса, эндиликда юртимиз барча вилоятида скрининг марказлари, 11 ҳудудда перинатал марказлари фаолият юритаётир. Умуман, соғлом авлодни дунёга келтириш ва вояга етказиш учун ҳамма қулайлик муҳайё этилган. Натижада ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар алоҳида эътибор билан парваришланмоқда. Ваҳолонки, бундан 25 — 30 йил муқаддам тиббиётдаги шарт-шароитлар талаб даражасида эмаслиги оқибатида ҳатто 1,5 килограмм атрофида вазн билан туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди.
Давлатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ҳақида сўз юритганда, оналар ва болалар ўлими 3 баробардан зиёд камайгани, болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келишига алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Бундан ташқари, яқин истиқболда пневмококк, папиллома вируси каби хавфли инфекцияларга қарши икки хил янги вакцина билан босқичма-босқич эмлаш жорий қилиниши натижасида болалар ўртасида юқумли ҳамда онкологик касалликларнинг олдини олиш кўзда тутилмоқда.
Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Унинг асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза этиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган муассасаларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий қилиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, уларнинг ижроси юзасидан самарали парламент назоратини олиб бориш, мустақил мамлакатимиз ютуқлари аҳамиятини сайловчиларга яқиндан тушунтириш депутатлар олдида турган масъулиятли вазифалардан биридир. Зотан, баркамол авлод — юртимизнинг порлоқ келажагидир.
Манба: xs.uz