UZ RU
24.07.2015

Қонун лойиҳаси муҳокамада

Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фармацевтика соҳаси ишлаб чиқарувчилари, дорихоналар ходимлари, мутахассислар ва журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари М.Хўжаева, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимизнинг саломатлигини асрашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Аҳолининг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда замонавий тиббий-профилактика ёрдами билан бир қаторда сифатли дори-дармонларнинг ўрни беқиёс. Мамлакатимизда жамиятимизни модернизациялашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фармацевтика саноати ҳам жадал тараққий этмоқда. 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонун бу йўналишдаги ишларда дастуриламал бўлаётир.

Бугунги кунда ушбу тармоқдаги бир юз элликка яқин саноат корхонасида тиббиётнинг деярли барча йўналишида фойдаланиладиган сифатли дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда ва улардан амалиётда самарали фойдаланилмоқда.

Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, жаҳон илм-фани ва фармацевтика саноати ютуқларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш устувор вазифадир. Бу чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш учун аввало соҳадаги ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштириш лозим. Ана шу мақсадда ишлаб чиқилган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида кўплаб янги меъёрлар татбиқ этилмоқда.

– Дори воситаларининг ножўя таъсири билан боғлиқ тушунча ана шундай янгиликлардан биридир, – дейди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари ва тиббий буюмлар сиёсати маркази бўлим бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова. – Шифокор тавсия этган дори белгиланган рецепт асосида қабул қилинса-да, баъзи ҳолларда унинг ножўя таъсирлари намоён бўлади. Шундай ҳолларда Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бериш тартиби қонунийлаштирилиши инсон саломатлигини асраш билан боғлиқ чора-тадбирларни кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида дори воситаларини хорижга олиб чиқиш ва четдан юртимизга олиб кириш, клиник синовларни ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш, кам фойдаланиладиган дори воситаларидан фойдаланиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқа кўплаб долзарб масалалар қамраб олинган.

Давра суҳбатида аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган узлуксиз чора-тадбирлар самаралари, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришдан кўзланган мақсад ва вазифаларга оид маърузалар тингланди.

Манба: uza.uz