UZ RU
21.07.2015

Ишончли ҳимоя

Мамлакатимизда ОИВ-инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларга даволаниш имкониятини яратиш ҳамда хасталикнинг пайдо бўлишининг олдини олиш учун барча керакли шароитлар яратилган. Бунда асосий эътибор ёшлар ва аҳолининг хавф гуруҳига кирувчиларга профилактик ёрдам кўрсатишга қаратилмоқда.

Олиб борилаётган ишлар асосини норматив-ҳуқуқий база яратиш ва уни ижро этиш ташкил қилади. Шу муносабат билан, 2013 йил август ойида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, касаллик тарқалишига қарши олиб борилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш йўналишида «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг «2014-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2014 йил 10 сентябрдан СПИДга қарши кураш марказлари ва даволов-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда жиҳозлаш, диспансер ва стационар босқичларнинг ўзаро алоқаларини яхшилаш, ҳуқуқий-норматив база ижросини таъминлаш, касалликнинг олдини олиш бўйича қўлга киритилган сўнгги ютуқларни татбиқ қилиш, инфекцияга ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг узлуксиз таълим олиши бўйича олиб борилаётган ишлар кщламини кенгайтириш кўзда тутилган.

Ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, хусусан, касалликнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг умумий имкониятларини таъминлаш учун, Ўзбекистонда 2013-2017 йилларда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Стратегик дастур тасдиқланди.

Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Навоий вилоятларида жойлашган СПИДга қарши кураш марказлари учун замонавий талабларга жавоб берувчи янги бинолар қурилиб, қолган марказларнинг бинолари эса капитал таъмирдан чиқарилди. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун Давлат бюджетидан 13 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.

СПИДга қарши кураш марказларининг 14та ҳудудий бўлимларининг лаборатория комплексларига 21 хилдаги умумий қиймати 7,5 миллион доллардан ортиқ бўлган юқори технологик ускуналар ўрнатилди. Улар ёрдамида мутахассислар маҳаллий диспансерлар рўйхатида турувчи беморларни текшириб, муолажани замонавий усулларда тавсия қилишмоқда ҳамда жараённи назорат қилишмоқда.

ОИВ инфекцияси билан зарарланган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика СПИДга қарши кураш марказида 60 ўринга мўлжалланган клиника очилди. Муассаса Жаҳон банки ва Глобал фонд лойиҳалари ҳисобидан замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Клиникада беморлар малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга. Шунингдек, муассаса базасида ҳар йили икки мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари антиретровирус муолажаси ва у келтириб чиқарувчи касалликларни даволаш бўйича ўз малакаларини оширишади. Шунингдек, Республика маркази ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти базасида малака ошириш курслари ташкил қилинган бўлиб, у ерда 3 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари қайта тайёрландилар.

ОИВ инфекцияси онадан болага ўтиши мумкинлиги боис, асосий эътибор янги туғилган чақалоқлар профилактикасига қаратилмоқда. Ҳар йили 600 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилади. Касаллик аниқланган ҳолларда улар антиретровирус препаратлари билан даволанишади. Бу бўйича қилинган ишлар ижобий натижасини кўрсатмоқда – ОИВ инфекцияси билан зарарланган ҳомиладор аёллардан соғлом фарзандлар дунёга келиши 98-99 фоизга ўсди.

Ёш оилалар ва мигрантларни инфекцияга қарши текшириш қамрови ҳам кенгайиб бормоқда. Мигрантларни назорат қилиш ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши ўтказиладиган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг «Узоқ муддат мамлакатдан ташқарида яшаган фуқаролар орасида ОИВ инфекциясини аниқлаш ва олдини олиш» бўйича 2013 йил 1 июндаги протоколига мувофиқ амалга оширилмоқда.

ОИВ инфекциясини ташхислаш, олдини олиш ва даволаш бўйича халқаро тажриба ҳисобга олиниб, охирги уч йилда халқаро ташкилотлар — БМТ, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНАЙДЭС, ЮНИСЕФ ва бошқа ташкилотларнинг мазкур йўналиш бўйича тавсиялари асосида 12та янги миллий протокол амалиётга киритилди.

Аҳолининг, хусусан, ёшларнинг мазкур касаллик бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари учун, ҳар йили 25 мингдан ортиқ маъруза ва суҳбатлар, 800дан ортиқ учрашувлар, телевидение ва радио орқали 200дан чиқишлар ўтказилади. Бунинг натижасида аҳолининг ОИВ инфекцияси бўйича хабардорлик кўрсаткичи 65,5 фоиздан 85 фоизга ўсди. Йилдан-йилга ўз хоҳишига кўра касаллик бўйича маслаҳат олиш ва текширувдан ўтиш истагидагилар сони ортиб бормоқда. Даволов-профилактика муассасалар базасида аҳоли ахборот ва психологик ёрдам олиши мумкин бўлган 230 та ишонч хоналари ва 30та дўстона хоналар фаолият юритмоқда.

Ғулом Ражабов.

Республика СПИДга қарши кураш маркази директори муовини, тиббиёт фанлари номзоди

Манба: pv.uz