Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида
Наманганда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Халқаро андозалар даражасида ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг фармацевтика саноати ривожи ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдаги аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида юртимизда фаолият юритган иккита фармсаноат корхонасида 30 га яқин номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева. – Соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугун ихтисослашган 149 корхонада энг илғор технологиялар асосида 1500 га яқин номдаги дори-дармон воситалари тайёрланмоқда.
Энг муҳими, дори воситалари сифатини назорат қилиш тизими яратилди. 17 моддадан иборат амалдаги қонунга киритилган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ва йўқ қилиш”, “Дори воситаларини, тиббий буюмларни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби”, “Ножўя реакциялар” каби 7 янги модда соҳада бугунги кунга келиб тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Фармацевтика соҳаси мутахассислари, ҳуқуқшунос ва дори ишлаб чиқарувчилар иштирок этган мазкур давра суҳбатида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар қонун лойиҳасининг янада такомиллашувида ўз ифодасини топади.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.
Манба: uza.uz