UZ RU
20.07.2015

Тўғри овқатланиш – саломатликнинг муҳим омили

Овқатланишнинг ҳам ўзига хос тартиблари борки, ҳар ким унга ёши, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ёндашиши тавсия этилади.

Баъзилар ҳар куни ёғли ва юқори калорияли таомларни истеъмол қилса, тўғри овқатланаяпмиз, деб ўйлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори қувватли таомларни мунтазам тановул қилиш, шу билан бирга, камҳаракатлилик қон босими, қандли диабет, инсульт, миокард инфаркти, буйрак ва меъда-ичак тизими аъзолари касалликларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Тиббиёт илми султони Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим”, деб таъкидлаган.

– Одатда кўплаб касалликлар нотўғри овқатланиш оқибатида юзага келади, – дейди Тошкент тиббиёт академияси биринчи клиникаси диетологи Карима Жабборова. – Ҳозирги кунда одам организми учун 13 турдаги витаминлар зарурлиги фанда исботланган. Булар кальций, натрий, магний, калий, фосфор, йод, темир ва бошқа моддалар. Уларни биз асосан мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз ҳамда сут, гўшт, парранда, балиқ, тухум, дуккакли маҳсулотлардан оламиз. Умуман олганда, ёзги озиқ-овқатлар таркибини 28 фоиз ёғ, 55 фоиз оқсил, 17 фоиз углеводлар ташкил этиши керак. Шу боис ёз мавсумида окрошка, гўжа каби парҳезли таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Улар ҳам тўйимли, ҳам мазали.

Ёз фаслида кўпроқ суюқликлар ичиш тавсия этилади. Мутахассислар фикрича, бир кеча-кундузда инсон ўз вазнининг ҳар килограммига 30 миллилитрдан сув истеъмол қилиши керак. Масалан, 50 килограмм вазндаги одам суткасига 1,5 литр сув ичиши зарур. Суюқликлар инсон организмидаги токсинларни ювиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ёзда дастурхонимизда тоблаб пиширилган сабзавотлар, янги узилган мевалар, дуккакли ўсимликлар, қайнатилган таомлар, қатиқ, творог каби сут маҳсулотлари бўлиши тавсия этилади. Бу каби минераллар ва оқсилларга бой маҳсулотлар организмда моддалар алмашувини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори инсон саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзининг муҳим омили бўлган тўғри ва рационал овқатланиш маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Соғлом овқатланиш маданиятни юксалтириш аҳоли саломатлигини асрашнинг муҳим омилларидандир, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 15-оилавий поликлиника шифокори Ҳожиакбар Ҳожиаҳмедов. – Тўғри овқатланиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда уларнинг сифатига эътибор бериш, мувофиқлик сертификатини текшириш лозим. Қўлбола усулда тайёрланган ва ноқонуний жойларда сотилаётган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлган маъқул. Шу мақсадда турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда хонадонларда тўғри овқатланиш қоидалари, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, овқатдан заҳарланиш, диарея, ботулизм ва бошқа ўткир ичак касалликларининг олдини олишга бағишланган тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бормоқдамиз. Зеро, ҳар бир инсоннинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кечириши унинг соғлом турмуш тарзига нечоғли риоя этишига боғлиқ.

Манба: www.uza.uz