Ҳар бир фуқаро манфаати эътиборда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари М.Хўжаева, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази директорининг ўринбосари З.Бекмуродов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолининг барча қатламларини кучли, аниқ ва манзилли тарзда ҳимоялаш масалалари давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами манфаатларини таъминлашга оид қонунчилик базаси узлуксиз такомиллашиб бораётгани уларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир. Бугунги кунда ушбу соҳага йўналтирилган юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат амалиётга изчил жорий этилмоқда. 2008 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базанинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимида Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида алоҳида эҳтиёжли фуқаролар учун жами 725 ўринли минтақавий реабилитация марказларида тиббий-психологик, ижтимоий, касбий реабилитация хизмати, ҳуқуқий масалалар бўйича зарур ёрдам берилмоқда. Ҳар йили ушбу реабилитация марказларида 17 мингдан ортиқ алоҳида эҳтиёжли фуқаро, жумладан, 2 мингдан ортиқ кўмакка муҳтож болага комплекс тарзда реабилитация муолажалари кўрсатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида ногирон болаларга реабилитация тадбирларини ўтказиш учун Бухоро вилоятидаги ногирон болалар реабилитация маркази, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани тиббиёт бирлашмаси ва Юнусобод туманидаги 41-оилавий поликлиника тасарруфидаги болалар реабилитация марказлари, Республика болалар руҳий асаб касалхонаси, болалар ортопедия, таянч ҳаракат касалликлари реабилитацияси марказлари, Республика болалар суяк сили санаторийлари фаолият олиб бормоқда.
Алоҳида эҳтиёжли болаларнинг мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими масалаларига эътибор қаратиш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда халқ таълими вазирлиги тизимида имконияти чекланган болалар учун 93 махсус мактабгача таълим муассасаси фаолият юритиб, уларда 11 мингдан ортиқ ўғил-қиз тарбияланмоқда.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ижросини тўлиқ ва сифатли таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: uza.uz