UZ RU
17.07.2015

Инвестиция дастурлари натижалари

Мустақиллик йилларида ёш авлоднинг жисмонан соғ, руҳан ва ақлан етук ривожланиши учун ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг ижтимоий сиёсатида асосий йўналишлардан бирига айланди. Тиббий муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича инвестиция дастурларининг самарали йўлга қўйилиши натижасида, экспертлар хулосасига кўра, бугун Ўзбекистон болалар саломатлигига энг кўп эътибор қаратаётган дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан ўрин олди.     

Соғлиқни сақлашнинг замонавий миллий моделини шакллантириш негизида тиббий муассасаларнинг инфраструктурасини такомиллаштириш ва уларни юқори технологик ускуналар билан таъминлаш, хусусан, болаларга ихтисослаштирилган ташхис ва даволовчи ёрдам кўрсатиш ётади. Бу вазифаларни бажаришни кўзда тутиб, 2014 йилги инвестиция дастурлари доирасида Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббий марказини капитал таъмирлаш учун 3,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Давлат бюджетидан ажратилган йирик субсидия ҳисобига бу тиббий муассасани кенг кўламли модернизация қилишнинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди.

Иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш эвазига иккита корпус замонавий қурилиш ва пардозлаш материаллари билан капитал таъмирланди, иситиш, газ ва сув таъминоти тизими янгиланди. Шунингдек, реконструкция вақтида бинонинг ички қисми инженерлик-қурувчилик нормативларига жавоб бериши ва бино ҳудудидан самарали фойдаланиш мақсадида муассасанинг махсус бўлимлари қайта лойиҳалаштирилишига ҳам этибор қаратилди. Инфраструктурани такомиллаштириш бўйича амалга оширилган комплекс тадбирлар мазкур муассасада фаолият юритувчи 500 нафарга яқин шифокор ва ҳамшираларга ўз хизмат вазифаларини қулай шароитларда олиб бориш, беморларни эса халқаро стандартларга жавоб берувчи хоналарга жойлаштириш имконини бермоқда. 

Марказнинг янгиланган корпусидаги неонатология, гематология, пульмонология ва бошқа бўлимлари Германия банкларидан бирининг кредити ҳисобига замонавий воситалар билан таъминланди.

— Мутахассисларимиз фойдаланиши учун кам вазн билан туғилган болаларни парваришлашда керак бўладиган кювезлар, ўпкада ҳавони сунъий йўл билан айлантирувчи аппаратлар, гўдакнинг нафас олиши ва бошқа физиологик параметрларини кузатувчи мониторлар тақдим этилди, — дейди марказ бош шифокори Маматқул Азизов. — Замонавий технологиялар ва даволаш усуллари ёрамида болалар тиббиёти йўналишида шифокорларимиз юқори натижаларга эришмоқда.

Кўп тармоқли тиббиёт марказининг асосий таркибий қисми вилоятнинг барча туманларидан келган беморларга кенг кўламли хизмат кўрсатувчи замонавий ташхис базасига эга маслаҳат поликлиникаси ҳисобланади. Ҳозирда бу ерда 22та йўналиш бўйича мутахассислар фаолият олиб боради. Улар орасида илгари маҳаллий шифокорлик амалиётида мавжуд бўлмаган йўналишлар ҳам бор, хусусан, поликлиникада болаларда эшитиш етишмовчилиги билан боғлиқ касалликларни даволовчи шифокорлар – сурдологлар ўз фаолиятларини бошлашди. 

Жорий йилда реконструкция ишлари янада юқори суръатларда давом этмоқда. Яна бир корпуснинг реконструкциясидан сўнг инвестиция дастурлари доирасида 4,5 миллиард сўм ажратилган  физиотерапия, эрта ёшли болалар, реанимация бўлимларининг очилиш маросимлари ўтказилади. Марказнинг техник имкониятлари кучайтирилди ва иккинчи босқичдан ўрин олган муассасани стационар тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари немис банклари кредити ҳисобига амалга оширилади. 2016 йилда марказнинг реконструкция ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари, бинонинг олд томонини таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва ёрдамчи бино қуриш режалаштирилди. Бу мақсадни амалга ошириш учун бир миллард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Мамлакатимизда ҳар йили тиббий муассасаларни модернизация қилиш, уларнинг янги технологиялар билан таъминланиши, она ва бола саломатлиги муҳофазаси йўналиши бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида нафақат пойтахтда, балки вилоят тиббий муассасаларида ҳам аҳолининг барча қатламига ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 

Манба: jahonnews.uz