UZ RU
15.07.2015

Энергия самарадорлигини таъминлаш – давр талаби

Ўзбекистонда сотиладиган маиший электр приборлари, қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизими жорий этилмоқда. Айни пайтда барча электр приборларига уларнинг хусусиятларига мос равишда энергия самарадорлигининг тегишли таснифлари берилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда энергия ва ресурс тежайдиган технологиялар кенг жорий этилиб, маиший приборлар ва қурилаётган бино ҳамда иншоотларнинг энергия самарадорлиги назорат қилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 апрелдаги “Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2016 йилнинг 1 январидан мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган маиший электр приборларининг энергия самарадорлигига доир янги талаблар жорий қилинади. Барча маиший электр приборлари энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлашдан ўтказилади. Шунингдек, қуриладиган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигига оид янги талаблар ҳам кучга киради.

“Ўздавэнергоназорат” электр энергетикада назорат бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат инспекциясининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи А.Усмоновнинг таъкидлашича, энергетика жиҳатидан маркировкалашни жорий этиш энергетика ресурслари самарадорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланишнинг муҳим омилидир. Маркировкада ишлаб чиқарувчи томонидан товар ҳаракатланишини бошқаришни автоматлаштириш учун кўрсатилган, ишлаб чиқарилаётган товарларнинг техник тавсифига доир маълумотлар мавжуд бўлади.

Бундан ташқари, айни пайтда маҳсулотларни энергетика жиҳатидан маркировкалаш қалбаки товарларнинг тарқалишига қарши тўсиқ сифатида тегишли савдо белгисининг ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади. Бунинг самарасида техник ва технологик талаблар бузилган ҳолда ишлаб чиқарилган сифатсиз товарларнинг савдога чиқарилишининг олди олинади. Маиший электр приборлар қутиси ёки ўзида қайд этилган маълумотлар ишлаб чиқариш ва истеъмол занжири иштирокчисига маҳсулотнинг энергия самарадорлиги билан танишишга ёрдам беради. Бошқача айтганда, энергия самарадорлиги хусусидаги ахборот зарур ва ишончли маълумотларнинг ўзига хос идентификатори ҳамда манбаси бўлиб хизмат қилади.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида электр приборлари энергия самарадорлиги классларининг «A», «B», «C», «D», «E», «F», «G» белгилари жорий этилди. Айни пайтда «А» класси энергия самарадорлиги энг юқори, «G» класси эса энергия самарадорлиги энг кам бўлган электр приборларини белгилаш учун қўлланилади. Бундай маълумот истеъмолчи учун муҳимдир. Негаки, энг юқори даражадаги энергия самарадорлигига эга электр приборларини ишлатиш энергия истеъмолини камайтиради. Бунинг самарасида электр энергияси учун тўлов миқдори ҳам кам бўлади. Шу билан бирга, энергия самарадорлигининг қўшимча «А+» ва «А++» класслари ҳам жорий этилмоқда. Бу «А» класси учун белгиланган энергия самарадорлиги даражасидан ошадиган маиший электр приборларини белгилаш учун қўлланилади. 2016 йилда энергия самарадорлиги «D» классдан паст бўлган электр товарларини четдан олиб кириш босқичма-босқич тақиқланади.

Сотиладиган маиший электр приборлари, қуриладиган бино ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимининг жорий этилиши уларнинг энергия самарадорлигини ошириш, бу каби маҳсулотларга харидорларни қизиқтиришга ва бунинг самарасида бозорларимизни юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилади.

Манба: uza.uz