Депутатлар аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган масалаларни муҳокама қилдилар
10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Парламент қуйи палатасимажлисининг кун тартибига «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар киритилди.
Мажлис арафасида ана шу масалалар барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, шунингдек Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларидан иборат «Демократик кучлар блоки»нинг мажлисларидамуҳокама қилинган эди. Хусусан, уларда депутатлар ўз сайловолди дастурлари йўналишларидан келиб чиққан ҳолда «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирдилар.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси «Соғлом бола йили» давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилишдан бошланди. Қонун лойиҳасининг мақсади аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат санитария назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ушбу соҳадаги муаммолар, бир қатор хорижий мамлакатларнинг санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги тажрибаси ўрганилди.
Мажлисда таъкидланганидек, илгари ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосини 1992 йилда қабул қилинган «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги Қонун ташкил қилар эди. Ушбу Қонун, аввало, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати оширилишини, юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олди олинишини ҳамда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлади.
Соҳада эришилган талай ижобий натижаларга қарамай, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурати юзага келди. «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг янги қонунини қабул қилиш муҳим эканлиги айнан шу билан изоҳланади.
Таъкидлаш жоизки, янги қонун лойиҳаси соҳа ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, профилактика тадбирларни ўтказишда санитария нормалари ва қоидаларини татбиқ этиш, гигиена қоидаларига риоя этишнинг барқарор тизимини яратиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш устидан давлат назоратини йўлга қўйиш билан бир қаторда ушбу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кучайтириш ва фуқароларнинг масъулиятини ошириш билан боғлиқ устувор вазифаларни қамраб олади.
Жумладан, қонун лойиҳасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.
Қонун лойиҳасида ер участкасини танлашда, объектларни режалаштириш, лойиҳалаштириш ва қуришда, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлашда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқувчиларга, ҳудудлар, иншоотлар, биноларни сақлашга, кимёвий ва биологик воситаларни зарарсизлантириш, утилизация қилиш ва кўмишга, озиқ-овқатларга, уларни ишлаб чиқаришга, ташишга, меҳнат шароитларига, касалликлар вужудга келиши ва тарқалишининг олдини олишга доир санитария-эпидемиологик талаблар аниқлаштирилган.
Мажлис жараёнида таъкидландики, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш комплекс тизимини мустаҳкамлашга, шунингдек ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматлар томонидан самарали назоратни таъминлашга кўмаклашади.
Ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар.
- «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракциямиз йиғилишида сайловолди дастуримизнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда кенг муҳокама қилинди, - дея таъкидлади Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ш. Шарафутдинов. – Унинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, партиямиз электорати ҳисобланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун инвестиция муҳити ва бизнес шарт-шароитлари ёмонлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтишни истардик. Шу маънода, қонун лойиҳасида фракциямиз аъзолари таклифлари билан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳуқуқлари, шу жумладан уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқишдаги иштироки аниқроқ белгилаб қўйилди.
- Фракциямиз ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, ижтимоий хавфли касалликларнинг профилактика қилиш ва бартараф этишга қаратилган миллий, давлат дастурларини фаол амалга ошириш зарурлигига алоҳида эътибор берди, - деди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси М. Ғофурова. – Шу нуқтаи назардан таъкидлаш лозимки, биз қонун лойиҳасининг янги кимёвий моддалар, биологик воситалар, материаллар, полимер ва пластик моддалар, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва ишлаб чиқаришга фақат токсикологик-гигиеник баҳолашдан кейин, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи рухсати билан йўл қўйилади деган қоидасини қўллаб-қувватладик. Бу мамлакатимизга сифатсиз товарлар, озиқ-овқат маҳсулоти ва материаллар кириб келишига ишончли тўсиқ яратиш имконини беради.
- Фракциямиз аъзолари мазкур қонун лойиҳаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг комплекс тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, шунингдек ушбу соҳадаги ишлар ҳолатини назорат қилиш имконини беради деб ҳисоблайдилар, - деди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Б. Эшонқулов. – Хусусан, фракциямиз таклифларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш доирасида меҳнат шароитларига нисбатан қўйиладиган санитария-эпидемиологик талаблар ойдинлаштирилди. Бу мамлакатимизда тенг ва ижтимоий қулай меҳнат шароитларини яратиш, ҳар бир фуқаронинг касбий иш билан бандлиги масалаларини самарали ҳал этишга хизмат қилади ҳамда партиямиз сайловолди дастурига тўла мувофиқдир.
- Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида фракциямиз уни такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсияларни илгари сурди, - деди Ўзбекистон «Адолат» Социал-демократик партияси фракцияси аъзоси М. Дадахўжаева. – Партиямиз сайловолди дастурининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, биз қонун лойиҳасида профилактика ишларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби билан боғлиқ масалалар ечими акс эттирилганлигини қўллаб-қувватлаймиз. Бизнинг таклифимиз билан қонун лойиҳаси махсус модда билан тўлдирилиб, унда фуқароларни гигиеник ўқитиш ва тарбиялаш, уларнинг гигиенага, соғлом турмуш тарзига, соғлиқни сақлашга доир билимлар ва кўникмалар ва малакаларни эгаллашига қаратилган нормалар ўз ифодасини топди.
- Қонун лойиҳаси ривожланишнинг ҳозирги даражасини ва атроф-муҳит омилларининг салбий таъсири билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ҳал этиш учун қўйилаётган талабларни инобатга олган ҳолда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган, - дея таъкидлади Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг аъзоси Қ. Жуманиёзов. – Ҳозирги вақтда атроф-муҳит ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш нафақат давлатнинг, балки жамиятнинг, ҳар бир фуқаронинг ишига айланмоқда. Бу Ўзбекистон экологик ҳаракатининг дастурий вазифасига мос келади. Шундан келиб чиққан ҳолда мазкур қонун лойиҳаси депутатлар гуруҳимиз томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида давом эттирилади.
Манба: parliament.gov.uz