UZ RU
14.07.2015

Шоҳсанам – йилнинг энг фаол ҳамшираси

Фарғонада “Ҳамшира – 2015” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар, ҳамширалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт масканларида бугунги кунда 320 мингга яқин ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Уларнинг билими, малака ва тажрибасини ошириш, ҳамширалик ишида замонавий тиббий технологияларни жорий этишга қаратилган ўқув-семинарлари, турли машғулотлар ташкил этилмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларидан келиб чиқиб, юртимизда олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш тизимининг жорий этилгани соғлиқни сақлаш тизимини малакали мутахассислар билан таъминлаш ва кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштириш имконини бермоқда.

“Ҳамшира” кўрик-танлови ўрта тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибасини янада бойитиш, ҳамширалик ишида эришилаётган ютуқ ва тажрибаларни оммалаштириш, изланувчан ва ташаббускор ҳамшираларнинг истеъдодини намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танловнинг мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 ҳамшира соҳага оид назарий ва амалий малакасини намойиш этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича билимини синовдан ўтказди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали ҳамшираси Шоҳсанам Акбарова биринчи ўринни эгаллади ва “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.

– Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида чекка туман ва қишлоқларда ҳам замонавий технологиялар жорий этилмоқда, – дейди Ш.Акбарова. – Бугунги ҳамшира нафақат беморлар муолажаси билан шуғулланиши, балки аҳоли ўртасида тиббий-профилактика тадбирларини, болалар, ўсмирлар, репродуктив ёшдаги аёлларнинг кўригини юқори савияда ташкил этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид тарғибот-тушунтириш ишларини юритишда ҳам фаол иштирок этмоғи керак. Танловда ғолиб топилганимдан беҳад хурсандман.

Сирдарё вилояти уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси ҳамшираси Шаҳло Файзиева иккинчи, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали ҳамшираси Ситора Раҳматова учинчи ўринни эгаллади.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Манба: uza.uz