UZ RU
14.07.2015

Ёз соз ўтсин десангиз...

Барча фасллар каби ёзнинг ҳам ўз таровати, ўзига хос инжиқлиги бор. Ёз пишиқчилик, тўкинлик мавсумидир. Ушбу фаслнинг ҳар бир лаҳзаси ҳаётимизда ёрқин из қолдириши учун, аввало, жазирама иссиқ кунларида саломатликка салбий таъсир этадиган омиллардан ҳимояланиш, кундалик ҳаёт тарзимизни оқилона ташкил этиш, соғлом турмуш тамойилларига тўла риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.

ЎзА мухбирининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Бош давлат санитария врачи Саидмурод САИДАЛИЕВ билан суҳбати ана шу мавзуда бўлди.

– Минтақамиз ўзига хос иқлими билан ажралиб туради, – деди С.Саидалиев. – Айниқса, ёз фаслида санитария-гигиена ва соғлом турмуш тарзи қоидаларига тўла риоя этиш ҳар қачонгидан долзарбдир. Чунки иссиқ туфайли юқумли ўткир ичак касалликлари пайдо бўлиши, офтоб уриш хавфи ортиши мумкин. Бундай муаммолардан ҳимояланишнинг энг тўғри йўли кундалик ҳаётда соғлом турмуш тарзи қоидалари ва халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий анъаналарига риоя этишдир.

Бу жараёнда, аввало, тўғри ва рационал овқатланиш қоидаларига амал қилиш талаб этилади. Иссиқ кунларда асосан енгил ҳазм бўладиган таомлар, мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Овқатда туз меъёрида бўлиши даркор. Чунки жазирамада кўп терлаш туфайли организмдан кўп миқдорда натрий чиқиб кетади.

Таомларни тайёрлаш ва дастурхонга тортишда санитария-гигиена талаблари, тозаликка қатъий риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Дастурхонга тортилаётган таом янги пиширилган бўлиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда уларнинг сифатига эътибор бериш, мувофиқлик сертификатини текшириш, қўлбола усулда тайёрланган ва ноқонуний жойларда сотилаётган маҳсулотларни харид қилмаслик керак. Зеро, сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликларни истеъмол қилиш овқатдан заҳарланиш ва ичак касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Бунинг олдини олиш мақсадида умумий овқатланиш шохобчалари, савдо мажмуалари ва бозорларда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида доимий назорат олиб борилмоқда.

Оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш аҳоли саломатлигини асрашнинг муҳим омилидир. Шу мақсадда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар ҳамкорлигида хонадонларда тўғри овқатланиш қоидалари, овқатдан заҳарланиш, диарея, ботулизм ва бошқа ўткир ичак касалликларининг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тартиб-тамойилларига бағишланган буклет, эслатма материаллар тайёрланиб, аҳолига тарқатилаётир.


– Офтоб уришидан ҳимояланиш учун ва бундай ҳолат рўй берганда қандай чораларни кўриш зарур?

– Ҳаво ҳарорати кўтарилганда, аввало, соя-салқинда юриш, соябон тутиш ёки табиий матодан бош ва устки кийим кийиш зарур. Иссиқ пайтини бино ичида ўтказиш даркор. Тез-тез душ қабул қилиш тананинг нафас олиш тизимини яхшилайди. Бунда сув хона ҳароратида бўлиши керак. Муздай сувда чўмилиш зотилжам касаллигини юзага келтириши мумкин.

Бугунги кунда кондиционерлардан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу технологиялардан фойдаланишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Акс ҳолда кўплаб касалликлар юзага келиши мумкин. Жумладан, ишлаб турган кондиционер рўпарасида ўтириш сурункали бронхит ва пневмония хасталигини қўзғатади.

Кўп сув ичиш организмнинг ҳаёт фаолиятини яхшилайди. Оддий ичимлик сув истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Бўшашиш, бош айланиши, кўнгил айниши, қалтироқ босиш ёки ҳушидан кетиш офтоб уришининг белгиларидир. Асосан болалар, ўсмирлар, қариялар бунга мойил бўлади. Бунинг сабаби уларнинг организмида термобошқарув, яъни танадаги ҳароратнинг барқарорлигини таъминлайдиган тизим нисбатан суст бўлади.

Бундай ҳолат рўй берганда биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини билиш фойдадан холи эмас. Аввало, жабрланган одамни соя-салқинга олиш, унга совутилган чой ёки тузли сув ичириш, баданни совуқ сув шимдирилган мато билан артиш, томоқ, бўйин ва гавда қисмига, бош томир ўтган жойларга асосий эътибор бериш ва зудлик билан тиббий ёрдам хизматини чақириш зарур.

Ёзни кўпчилик табиат қўйнида, соя-салқин гўшаларда ўтказишга ошиқади. Бу яхши, албатта. Аммо бундай жойларда ҳам хавфсизлик қоидалари, соғлом турмуш талабларини доимо ёдда тутиш керак. Рухсат этилмаган ариқ-зовурлар, сув ҳавзаларида чўмилиш ҳаёт ва саломатлик учун хатарлидир. Экологик жиҳатдан тоза, санитария-гигиена талаблари бўйича текширувдан ўтган сув ҳавзаларида чўмилиш тавсия этилади. Сувга бирданига шўнғиш ҳам оғир асоратлар олиб келиши мумкин. Негаки, иссиқда организм ҳарорати юқори бўлади. Бунинг учун аввал соя-салқин жойда тана ҳароратини бироз меъёрига келтириб, кейин чўмилиш мақсадга мувофиқдир.

Албатта, ёзнинг ўзига хос қоидалари биз учун янгилик эмас. Бой ҳаётий тажрибага эга нуронийларимиз оилаларда ёшларга бу хусусда доимо панд-насиҳат қилади. Қолаверса, бирламчи тиббий-профилактика тизими шифокор ва патронаж ҳамширалари аҳоли орасида бу йўналишдаги миллий анъаналаримиз, тиббий қоидалар ва соғлом турмуш тамойилларини кенг тарғиб этмоқда.

Бу йўналишдаги тиббий-профилактика ва тарғибот-тушунтириш ишлари шу кунларда янада кенгаймоқда. Ушбу тавсияларга риоя қилган ҳар бир инсон ўзи ва яқинларининг саломатлигини муҳофазалаш, ёз фаслини соз ва мароқли ўтказишга эришади. Демак, ёзнинг жазирама кунларини қандай ўтказиш кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқ.

Манба: uza.uz