Экстремал иссиқ ҳарорат бошланганда нима қилиш керак: саломатликни асраш бўйича тавсиялар
Аҳоли, тиббиёт ходимлари ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари юқори даражали ва узоқ давом этувчи иссиқ ҳароратда тўғри йўл тутишга ҳамиша тайёр турмоқлари зарур. Иссиқ ҳарорат ҳар йили кўплаб инсонлар, айниқса, кексалар саломатлигига жиддий зарар етказади. Иссиқ ҳарорат таъсирида юрак уриши маромининг бузилиши ва ҳушнинг йўқотилиши, шунингдек, патологик ҳолатларнинг, хусусан, юрак-қон томир ва респиратор касалликларнинг оғирлашиши мумкин.
Иқлим ўзгариши об-ҳавонинг кескин исиши ҳодисаларини кўпайтириши кутилмоқда, аммо бунинг саломатликка хавф солувчи салбий таъсирларидан ҳимояланиш мумкин.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БССТ)нинг иссиқ об-ҳаво шароитига тайёрланиш ва ундан ҳимояланиш бўйича берган эслатма ва маълумотлари сайтда жойлаштирилган.
Иссиқ об-ҳаводан ҳимояланиш учун аҳолига тавсиялар:
- Маҳаллий соғлиқни сақлаш ташкилотларининг тавсияларига риоя қилинг.
- Хона ҳароратини салқин сақланг ва ҳароратни доимий ўлчаб боринг. Ҳароратнинг кундузи 32°С, кечқурун 24°С даражадан ошмаслиги меъёр ҳисобланади. Хона ҳароратини пасайтириш учун қуёш тушадиган деразаларни парда ва жалюзи билан ёпиш, эрта тонг ва кечги маҳал деразаларни очиб, нам сочиқларни осиб қўйиш мумкин.
- Жазирамада юришдан сақланинг. Кўпроқ салқин хоналарда бўлишга ҳаракат қилинг. Куннинг энг иссиқ палласида кўчага чиқишдан сақланинг. Имкон қадар оғир жисмоний ҳаракатлар қилманг. Болалар ва жониворларни автомобил ичида қолдирманг.
- Тана ҳароратини пасайтириш учун кўпроқ суюқлик ичинг. Тез-тез салқин душ ва ванна қабул қилинг. Табиий матодан тикилган енгил ва кенг либослар кийинг. Қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ва бош кийимсиз кўчага чиқманг. Тунда иссиқ ҳароратдан қийналмаслик учун енгил кўрпа-тўшакдан фойдаланинг, устингизни адёл билан ёпманг. Доимий равишда суюқлик ичинг, алкоголли ичимликлардан тийилинг, кофеин ва қанд маҳсулотларини меъёридан ортиқ қабул қилманг. Кам миқдорда, тез-тез овқатланинг. Оқсилга бой маҳсулотлар истеъмолини чекланг.
- Ҳаётининг кўп қисмини ёлғиз ўтказувчи дўстларингиз, қариндошларингиз ва қўшниларингиздан тез-тез хабар олиб туринг. Ёлғиз қариялар ва беморлардан ҳар куни бохабар бўлинг. Бирор дори воситасини доимий равишда қабул қилаётган бўлсангиз, бу восита организмдаги терморегуляция ва суюқлик балансига таъсир қилмаслиги хусусида даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.
- Дори воситаларини 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда ёки музлатгичда сақланг (қадоқдаги дори воситасини сақлаш бўйича берилган қўлланма билан танишган ҳолда).
- Сурункали касалликлар билан оғриган ёки кўп миқдорда дори воситаси қабул қилаётган бўлсангиз, бу бўйича тиббиёт ходимлари билан маслаҳатлашинг.
- Териси иссиқ ва қуруқ ёки алаҳсираётган, судурги ҳолатидаги ва/ёки ҳушини йўқотаётган одамни учратсангиз, зудлик билан тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.
Манба: www.euro.who.int.ru