UZ RU
08.07.2015

Болалар соғлиғини асрашдаги ҳамкорлик

“Sen yolg’iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси фаолиятида тиббиёт масканлари, Меҳрибонлик уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ота-она қарамоғисиз қолган ва имконияти чекланган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш доимий эътиборда.

Жамғарма юртимиз ҳамда қатор давлатлардаги клиникалар мутахассислари билан биргаликда мазкур соҳада ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамғарма таклифига биноан келган Франциянинг “Умид ришталари” шифокорлар уюшмаси аъзолари тиббий текширув, маслаҳат ва жарроҳлик муолажаларини бажаришдан иборат хайрия акциясида иштирок этиш учун академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази фаолияти билан танишди.

Франциялик шифокорлар кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашув марказидаги имконияти чекланган болаларни кўрикдан ўтказиб, уларга тиббий маслаҳат берди. Кўрикдан ўтган болаларнинг соғлиғини инобатга олган ҳолда зарур ҳолларда жарроҳлик муолажасини амалга оширди.

Уюшма вакиллари ҳамда юртимиз шифокорлари иштирокида семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Манба: uza.uz