Сифат ва самарадорлик – асосий мезон
Миллий матбуот марказида халқимизни сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида фармацевтика саноатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ўзининг юксак самарасини бермоқда. Аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги бу жараёнда «Дори-дармон» акциядорлик компанияси ҳам фаол иштирок этаётир.
– Халқимизни сифатли дори-дармон билан таъминлаш фаолиятимизнинг асосий мезони, – деди «Дори-дармон» акциядорлик компанияси раиси Абдуғани Комилов. – Бугунги кунда компаниямиз таркибида саккизта акциядорлик жамияти, ўнта шўъба корхонаси, бир минг уч юздан кўпроқ дорихона аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда дори-дармон етказиб бериш ва сақлаш шароитини янада яхшилаш мақсадида жойларда замонавий омборхоналар, логистика марказлари барпо этилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида майдони 6,5 минг квадрат метрлик, халқаро стандартларга тўла мос келадиган фармацевтика омбори, Гулистон шаҳрида логистика маркази қуриб битказилди.
Анжуманда компания тизимидаги дорихоналарнинг етмиш фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда ташкил этилгани таъкидланди. 14 махсус жиҳозланган «ISUZU» русумли изотермик автофургонлар, 50 “Damas” автомобиллари чекка ҳудудлардаги аҳолига дори-дармон етказиб бермоқда. Улар томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида қиймати бир миллиард сўмдан ортиқ дори воситалари ва тиббиёт буюмлари савдоси амалга оширилди.
“Дори-дармон” акциядорлик компанияси маҳаллийлаштириш дастурида белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишга ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир. Жумладан, компания тизимида ташкил этилган Самарқанд шаҳридаги “Integra DD” масъулияти чекланган жамиятида ўн турда дори ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида юздан зиёд иш ўрни яратилди. Айни пайтда маҳсулот турини кўпайтириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, халқаро сифатни бошқариш тизимини жорий этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Жамиятнинг барча соҳалари каби ушбу тизим фаолиятини ривожлантириш ва аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини тўла таъминлашда замонавий ахборот технологияларининг ўрни муҳим. Компания тизимида ахборотлаштириш жараёнини чуқурлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, халқимизнинг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлашда хизмат қилади.
Тадбирда компания фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган лойиҳалар хусусида маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.