UZ RU
02.06.2015

Соғлом фикр – соғлом келажак асоси

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий маданиятни ошириш, ёшларни баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимиздаги Болалар санъат ва ижод марказида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлими томонидан «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» шиори остида ўтказилган акцияда бу эзгу мақсадлар яққол намоён бўлди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси шаҳар бўлими, Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган акцияда ёшлар спорт, санъат борасида ўз истеъдодларини намойиш этди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча имконият яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, ҳар томонлама баркамол йигит-қизларни вояга етказиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда соғлом ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ёш авлодни маънавий таҳдидлардан, “оммавий маданият”, кашандалик, ичкиликбозлик ва бошқа иллатлардан ҳимоя қилишга доир комплекс чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилаётгани ўз самараларини бермоқда. Хусусан, юртимизда балоғат ёшидаги ўғил-қизларнинг бўйи ўртача 5 сантиметрга, вазни 4-8 килограммга ортгани, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига асосан 92 фоиз болалар ривожланиш кўрсаткичлари бўйича меъёрида ўсиб-улғаяётгани бунинг ёрқин исботидир.

Бу каби оммавий тадбирлар ёшларнинг дунёқарашини бойитиш, миллий қадриятларимизга ҳурматини мустаҳкамлаш, ўзи ва атрофидагилар саломатлигини таъминлаш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш борасидаги билимларини мустаҳкамлайди.

– Юртимизда барча соҳаларда фаол ва баркамол авлод етук мутахассис бўлиб, ўз ўрнини эгалламоқда, – дейди “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар кенгаши бўлим бошлиғи Қаҳрамон Мавлонов. – Уларнинг салоҳиятини юксалтириши, истеъдодини намоён этиши, ҳар томонлама соғлом бўлиб улғайиши учун давлатимиз томонидан барча имконият яратилмоқда. Ушбу акцияда ҳам етти ёшдан қирқ ёшгача бўлган юртдошларимиз фаол иштирок этди.

Акция доирасида спортнинг қатор турлари бўйича “Тошкент – 2015” ёшлар мусобақаси ва “Ёшлар гиёҳвандликка қарши, соғлом ҳаёт тарафдори” тадбирлари бўлиб ўтди. Фаол иштирок этган ёшлар рағбатлантирилди.

Манба: uza.uz