UZ RU
27.05.2015

Ситора – энг яхши ҳамшира

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали ҳамшираси Ситора Раҳматова “Ҳамшира – 2015” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлди.

– Шифохонамиз, жумладан, мен ишлаётган жарроҳлик бўлими энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, – дейди Ситора. – Мураккаб операциялар амалга ошириладиган бўлимда ишлаш юқори билим ва маҳорат талаб этишини яхши биламан. Танлов ғолиби бўлганимдан беҳад шодман.

Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида даволаш ва профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, хизмат кўрсатиш сифати ошиб бораётгани таъкидланди.

Вилоятда 20 мингдан зиёд олий ва ўрта махсус маълумотга эга ҳамшира-мутахассислар фаолият юритмоқда. Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган 157 нафар ҳамшира иштирок этди.

Танлов шартларига кўра, ҳамшираларнинг беморлар билан мулоқотда бўлиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий малакалари синовдан ўтказилди. Уларнинг ўз касби сирларини қанчалик пухта ўзлаштиргани, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий дунёқараши, эркин мавзудаги ижодий чиқишлари баҳоланди.

Вобкент ва Когон туманлари тиббиёт бирлашмалари ҳамширалари Малика Эргашева ва Гўзал Аҳмедова иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.

Манба: uza.uz