Соғлом оила – соғлом жамият
Жиззахда “Соғлом оила – соғлом жамият” шиори остида “Отам, онам ва мен – спортчилар оиласи” мусобақаси бўлиб ўтди.
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Республика “Оила” илмий-амалий маркази вилоят филиали, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган спортчи оилалар иштирок этди.
Тўсиқлар оша югуриш, мерганлик, арқон тортиш каби шартлар бўйича беллашувларда биринчи ўринПахтакор туманидан Соатовлар оиласига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Ғаллаорол туманидан Илясиновлар, Мирзачўл туманидан Абдураҳмоновлар оиласи эгаллади.
Тадбир доирасида, шунингдек, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳаваскор шахматчилар ўртасида мусобақа ҳам ўтказилди. Қирқдан зиёд оила вакиллари иштирок этган мусобақада 13 ёшли Раҳмон Сулаймонов мутлақ ғолибликни қўлга киритди. “Энг ёши улуғ шахматчи” номинацияси бўйича 61 ёшли Абдураҳмон Сатторов, “Энг ёши кичик шахматчи” номинациясида эса 7 ёшли Фарангиз Самадова ғолиб чиқди.
Ғолиб спортчи оилалар муносиб тақдирланди.
– “Соғлом оила – соғлом жамият” шиори остидаги тадбирлар 20 майгача давом этади, – дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази Жиззах вилояти филиали директори Фароғат Сатторова. – Ўн кун давомида оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, маънавий муҳитни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ибратли оилаларни рағбатлантириш бўйича жойларда турли тадбирлар ўтказилади.
Манба: uza.uz