Дилнавоз – танлов ғолиби
“Ҳамшира – 2015” республика кўрик-танловининг Наманган вилояти босқичида ўн бир нафар ҳамшира касб маҳорати, сиёсий-ижтимоий билими ва истеъдодини намоён этди.
Тадбирда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасалари модий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги кўп жиҳатдан ҳамшираларнинг касб маҳорати ва билимига боғлиқ. Шунинг учун ҳамшираларнинг малакаси ва кўникмасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танлов айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилояти филиали ҳамшираси Дилнавоз Умарчаева ғолиб деб топилиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Нилуфар Маликова иккинчи, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази кичик тиббий ходими Эъзоза Абдуллаева учинчи ўринни эгаллади.
– Аҳоли саломатлигини сақлашдек шарафли касбда меҳнат қилаётганимдан фахрланаман, – дейди Д.Умарчаева. – Бугунги ғалабани бутун жамоамизнинг ютуғи, деб ҳисоблайман. Айни пайтда бу менинг зиммамдаги масъулиятни янада оширади. Бу мени янада кўпроқ ўқиш ва изланишга ундайди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: uza.uz