“Саломатлик поезди” жўнаб кетди
Пойтахтимиздаги марказий темир йўл вокзалидан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига навбатдаги “Саломатлик поезди” йўл олди. Ушбу поезд “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук этиб камолга етказиш, аҳолини тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, ёши улуғ инсонларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш ва уларнинг саломатлигини муҳофазалаш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланган. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги эзгу ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам фаол иштирок этаётир.
Фонд томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолига замонавий тиббий-профилактика ёрдамини яқинлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга манзилли ёрдам кўрсатиш, тиббий саводхонликни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳудудларга “Саломатлик поездлари”ни жўнатиш орқали жойларда Саломатлик кунлари ташкил этилаётир.
Мазкур тиббий-ижтимоий акциядан кўзланган мақсад чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли, жумладан, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.
“Саломатлик поезди”ни шакллантиришда “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Фармед” қўшма корхонаси, “Navruz PTK”, “Orto Best”, “Interglobe” масъулияти чекланган жамиятлари ва қатор халқаро ташкилотлар яқиндан кўмак берди.
Поезд Тошкент – Сариосиё – Қумқўрғон – Бойсун – Оқробод – Деҳқонобод йўналишларида иш олиб боради. Тадбир доирасида ушбу вилоятларда 13 майга қадар Саломатлик кунлари ташкил этилади. Пойтахтимиздан борган малакали шифокорлар “Соғлом авлод учун” фондининг ҳудудлардаги тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари ходимлари ҳамроҳлигида кексалар, ногирон болалар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказади. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувлар ташкил этилади.
Ушбу хайрия акция давомида аҳолига, даволаш-профилактика ва махсус тиббий-ижтимоий муассасаларга қиймати 1 миллиард сўмликдан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари, ўқув қуролларидан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берилади.
Манба: uza.uz