ОИВ инфекцияси масалалари бўйича Ҳамкорлар Форуми
Жорий йилнинг 28 апрелида Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси конференцзалида ОИВ инфекцияси масалалари бўйича Ҳамкорлар Форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумда ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва даволаш борасида юртимиздаги ҳамкор ташкилотлардан 50 дан ортиқ мутахассислар иштирок этдилар.
Форум қатнашчилари орасида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси – Владимир Львович Турденевнинг, Республика Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси бош давлат санитария врачи – Саидмурод Саидганиевич Саидалиевнинг, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили – Стефан Приснернинг ва ЮНЕЙДС ташкилотининг Ўзбукистондаги ваколатхонасининг директори Лев Суренович Зограбяннинг иштирокини алоҳида қайд этиш лозим.
Форумда ОИВ инфекцияси профилактикаси, даволаш тадбирларини янада самарали амалга ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий ва ижтимоий муҳитни ташкиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Форум очилишидан сўнг, Россия Федерацияси томонидан молиялаштирилаётган регионал дастур бўйича масалалар муҳокама этилди.
Шундан сўнг, ОИВ инфекцияси эпидемиясига чек қўйиш бўйича миллий ва ЮНЕЙДСнинг ташаббуслари тақдимоти ҳамда Республикамизда амалга оширилаётган инновацион дастурлар ва ташаббуслар тингланди. Форум давомида ЮНИСЕФ ва Чегарасиз шифокорлар ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари мутахассислари ўз тақдимотлари билан чиқишди.
Ушбу тадбир ОИВ инфекциясига қарши кураш соҳасида Соғлиқни сақлаш ва тегишли ҳамкорлар билан Давлат дастурлари доирасида янада мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда энг долзарб муаммоларни кенг муҳокама этишга имконият яратди.