Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 2015 йилнинг 4 ойида амалга оширилган ишлар
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг бевосита Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул этиб белгиланган “Нуронийлар ҳамда ёши улуғ инсонларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактик тадбирларни кенгайтириш, кўз ва эшитиш органлари, таянч-ҳаракат тизими ва қон-томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш, кекса ва ногиронларни реабилитациянинг техник ва бошқа ёрдамчи воситалари билан таъминланишини, шу жумладан имтиёзли асосда таъминотини ошириш, кекса инсонларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган санатор-соғломлаштириш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш” номли III бўлими ижроси юзасидан ҳисобот даврида қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Жумладан, қарияларда сурункали, яширин кечувчи ва илгари аниқланмаган касалликларни эрта аниқлаш, мавжуд касалликлари асоратланишини олдини олиш йўли билан касалликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида туман (шахар) тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг 7-9 нафар тор мутахассислари (невролог, оториноларинголог, офтальмолог ва бошқалар) ҳамда ҚВП, оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат гуруҳлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи қариялар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 16-21 феврал хамда 13-18 апрел кунлари “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмасин” шиори остида республика қишлоқ туманларининг узоқ ва етиб бориш қийин ҳудудларида жойлашган қишлоқ врачлик пунктларига бириктирилган 136 минг қариялар республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртларининг 270 нафардан зиёд етакчи мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Кўрикдан ўтказилганларнинг 3642 нафарини уруш ногиронлари ҳамда қатнашчилари, 43676 нафарини фронт ортида хизмат қилган меҳнат фахрийлари ҳамда 83198 нафарини пенсионерлар, ёлғиз кексалар, болалар ва бошқалар ташкил этди. Уларнинг 105252 нафари амбулатор шароитида 11175 нафари туман ва вилоят шифохоналарида, 1380 нафари республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинди.
1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, амбулатор, стационар, уй шароитида ҳамда санатор-курорт шароитларда соғломлаштириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг чора-тадбирлар режаси ишлаб чикилди. Мазкур чора-тадбирлар режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни соғломлаштириш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш мақсадида ҳудудий бошқарма бошлиқлари, туман ва вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилди. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш бўйича маълумотлар базасини шакллантириш учун тақдим этиладиган маълумотлар шакли ҳамда соғломлаштириш мониторинги бўйича ҳисобот шакли тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тақдим қилинган уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг рўйхатлари худудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан қайта кўриб чиқилиб, ҳар бир маҳаллада яшовчи фахрийнинг турар жойига бориш орқали аниқ манзилли рўйхатлари ишлаб чиқилди. Мазкур рўйхат асосида фахрийлар электрон базаси яратилди ва жами 73694 нафар, шундан 3311 нафар уруш ногиронлари, қатнашчилари ва 70383 нафар меҳнат фронти фахрийлари рўйхатга олинди.
Республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий-текшириш институтлари ва олий ўқув юртлари клиникаларида 45 га яқин маҳорат дарслари ўтказилиб, 2 мингдан зиёд қарияга, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида 5 мингдан зиёд қарияга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди. Жойларда юқори малакали мутахассислар томонидан 100 га яқин кўргазмали хирургик операциялар амалга оширилди, ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига 18 дан зиёд янги даволаш ва диагностика усуллари тадбиқ этилди.
Қариялар учун юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказларида, клиникаларида, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида 58 нафар беморда йирик бўғимларда реконструктив-тиклаш операциялари, 286 нафар беморда умуртқа поғонаси касаллигида консерватив терапевтик даволаш, 243 нафар беморда юрак-тож артерияларини стентлаш, 38 нафар беморда аорто-коронар шунтлаш, 257 нафар беморда катаракта билан ва 191 нафар беморда глаукома билан кўзни сақлаб қолувчи операциялар, пешоб тош касаллиги, простата бези аденомаси ва саратони касаллигига чалинган 239 нафар беморда кам инвазив урологик операциялар, қандли диабетнинг асорати сифатида юзага келган қон томирлари касалликларига эга 67 нафар беморда юқори технологияли операциялар, ЛОР тизими касалликларини эрта аниқлаш мақсадида 98 нафар беморда эндоскопик ва отомикроскопик текширув усуллари, синусит касаллигига чалинган 79 нафар беморда кам инвазив эндоскопик операциялар амалга оширилди.
“Дори-дармон” АК ҳомийлик маблағлари ҳисобига 8000 нафар ёлғиз пенсионерлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари 20 турдаги оғриқсизлантирувчи воситалар, гипотензив препаратлар ва бошқалардан иборат махсус дори-дармон йиғмалари (аптечкалар) билан бепул таъминланди.
Шахсларнинг айрим гуруҳларини амбулатория шароитида даволаниш учун дори воситалари билан имтиёзли (бепул) таъминлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2013 йил 8 ноябрдаги 27 ва 103-сонли қарори билан тасдиқланган амбулаторияда даволанишда имтиёзли таъминлаш учун мўлжалланган дори воситаларининг рўйхатига қўшимчалар киритиш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланди ва 8 та дори воситаси ва 1 та дори воситаси шакли қўшимча киритилди.
Ижтимоий ҳимояга мухтож қариялар орасида юқумли касалликларни олдини олиш мақсадида мурувват ёрдами орқали қабул қилинган 107,8 минг АҚШ долл. тенг бўлган 11 минг доза гриппга қарши ва 1,5 млн. АҚШ долл. тенг бўлган 677 минг доза гепатит Вга қарши вакциналар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шахар ва вилоятлар ДСЭНМларига тарқатилди 23 мартдан 1 апрелгача 1-турда 200 000 нафар фуқаро гепатит Вга қарши эмлаш билан қамраб олинди, 23 апрелдан 1 майгача ва 23 июндан 1 июлгача 2-3-тур билан кекса ёшдаги фукаролар гепатит Вга карши эмланади.
Қарияларнинг турли ёш гуруҳлари (60-70 ёш, 70-80 ёш, 80-90 ёш, 90-100 ёш, 100 ёшдан ошиқ) учун овқатланиш, соғломлаштириш, соғлом турмуш тарзини юритиш (жисмоний тарбия ва рационал овқатланиш) бўйича буклетлар лойиҳалари тайёрланди ва тақриз олиш учун тегишли мутахассисларга тақдим этилди. “Кексаларда тўғри овқатланиш” ва “Бахтли кексалик ҳар бир инсонга насиб этсин” мавзусидаги буклетлар чоп этилди ва вилоятларга юборилди.
Аҳолини, шу жумладан кекса ёшдаги шахсларни бойитилган ун ва йодланган туз билан таъминлаш йўли билан овқатланишни яхшилаш ва микронутриент етишмовчилиги профилактикаси бўйича дастурни амалга ошириш борасида жорий йилда Германиянинг “Muhlenchemie GmbH & Co. KG.” компаниясидан унни бойитиш учун 140 тонна витамин минерал аралашма (примекс) сотиб олинди. Хисобот даврида республика бўйича “Ўздонмаҳсулот” АКнинг унни ишлаб чиқариш корхоналари, шу жумладан хусусий тегирмонлар томонидан 515,57 минг тоннага яқин минераллар ва витаминлар билан бойитилган I сорт ун аҳолига етказиб берилди.
Ош тузни йодлаш учун конкурс танлови асосида Хиндистоннинг "G.Amphray" фирмаси билан 62,0 минг АҚШ долл. тенг бўлган 2500 кг калий йодатни сотиб олиш бўйича шартнома тузилди.
Кекса ёшдаги оғир ва сурункали касалликларга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт Академияси I ва III клиникаларида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи билан махсус паллиатив бўлимлар ташкил этилди. Кейинги босқичда вилоят марказлари ҳамда Нукус шаҳрида шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида ушбу бўлимларни ташкил этиш режалаштирилди.