UZ RU
07.05.2015

Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалмоқда

Замонавий ахборот технологияларининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бугун турмуш тарзимизни, иш фаолиятимизни уларсиз тасаввур эта олмаймиз. Оддий қўл телефони ёки интернет фақат сўзлашув ва маълумот олиш воситаси эмас, балки кўплаб зарур юмушларимизни бажаришда энг қулай ва ишончли дастёрга айланди.

Ана шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда мамлакатимизда электрон ҳукуматни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари, қонунлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Натижада бугун аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро яқин алоқаси мустаҳкамланиб, зарур ахборот ва хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Буни мамлакатимиз божхона идоралари фаолиятида ҳам кузатиш мумкин.

– Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2013 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига ўз хоҳишларига кўра юкларни электрон шаклда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ҳуқуқи берилди, – дейди Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ғафуров. – Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан “Электрон декларациялаш” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ушбу тизим орқали декларация, товар ва транспорт воситаларига оид ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни божхона органларига масофадан туриб электрон тақдим этиш ва расмийлаштиришимкониятидан фойдаланмоқда. 2014 йилда 27 минг 295 божхона юк декларацияси электрон шаклда ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилиб, божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Бу йил давомида расмийлаштирилган божхона юк декларацияларининг 99,8 фоизини ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида эса вилоят божхона бошқармасида барча, яъни 9 минг 231 божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлаштирилди.

Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо шартномаларини банкда рўйхатдан ўтказиш амалиёти бекор қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига бундай шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш интерактив хизматини яратиш вазифаси белгиланган эди. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 27 июндаги қарори билан 2014 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи савдо шартномаларини электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолатда тақдим этиш интерактив хизмати амалиётга жорий этилди. Бунинг натижасида вилоят божхона бошқармасига йил бошидан буён тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон кўринишда тақдим этилган 117 шартнома ва уларга қўшимча битимлар электрон шаклда рўйхатдан ўтказилди.

Божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича ахборотларни реал вақт режимида йиғиш, назорат ва таҳлил қилиш, қайта ишлашга мўлжалланган 24 ахборот дастури жорий қилиниб, уларнинг барчаси ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилган, 14 таси давлат ахборот тизими сифатида рўйхатдан ўтказилган. Шунингдек, давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун 17 интерактив хизматлар амалиётга жорий этилди.

Таъкидлаш жоиз, божхона органлари фаолиятида кенг қўлланилаётган ахборот-коммуникация технологиялари божхона расмийлаштирувини қонунчиликда белгиланган қатъий тартиб ва вақтда амалга ошириш, тадбиркорларнинг вақтини тежаш, қоғоз сарфининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Муҳими, божхона расмийлаштирувини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва божхона ходимлари учун янада қулайлик яратиш, давлат бюджетини тўлдириш ва божхона тўловлари йиғилувчанлигини ошириш, божхона қоидаларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва контрабандага қарши курашишда катта роль ўйнамоқда.

Манба: uza.uz