Мехнатга лаёкатсизлик варакаларини бериш буйича янги тартиб урнатилди
МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАЛАРИНИ БЕРИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ТАРТИБ ЎРНАТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 17 апрелда 2667 рақами остида Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқнома рўйхатдан ўтказилди
Фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги, протез қўйдирганлиги, санаторий-курортда даволанганлиги, шунингдек соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига кўра аниқланган меҳнатга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланади.
Меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси шахсни ишдан (ўқишдан) озод қилиш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси қўйидагича тасдиқланади:
ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги;
алкоголга қарамлик натижасидаги касалликлар ва жароҳатлар, шунингдек мастлик натижасида олинган жароҳатлар;
ходимларни даврий профилактик тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
ҳарбий хизматга чақирилувчиларни амбулатория ёки стационар шароитда тиббий кўрикдан ўтказилганлиги;
касалликнинг келиб чиқиши касб билан боғлиқлигини аниқлаш юзасидан текширув ўтказилганлиги;
айбланувчи ёки судланувчининг суд ажрими билан тиббий муассасага жойлаштирилганлиги;
амбулатория шароитида ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг парваришга муҳтожлик даври ўн тўрт календарь кундан ошганлиги.
Қуйидаги муассасаларнинг шифокорлари меҳнатга лаёқатсизлик варақаси беришга ҳақли эмас:
тез тиббий ёрдам ва қон билан ишлаш хизмати;
шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
суд-тиббий экспертиза муассасалари;
пансионат ва санаторий-курортлар, сил касалликлари санаториялари бундан мустасно;
физиотерапия, даволаш физкультураси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси ўтказиб юборилган кунларга берилмайди.
Иш куни ёки ўқиш тугаганидан сўнг мурожаат қилинганда меҳнатга лаёқатсизлик аниқланса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси мурожаат қилинган куни, лекин иш ёки ўқишдан кейинги календарь кунидан озод этилган ҳолда расмийлаштирилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бемор шифокор томонидан шахсан кўрикдан ўтказилгандан сўнг меҳнатга лаёқатсизлик аниқланганда берилади.
Ташхис клиник ва объектив маълумотлар (шикоятлар, объектив ҳолат) ҳамда лаборатор-инструментал текширувлар натижалари билан тасдиқланади ва тиббий ҳужжатларда қайд қилинади.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик беш календарь кунидан ошганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Иш (ўқиш) вақтида айрим текширувни кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда ёки мураккаб текширувлар (эндоскопия, колоноскопия ва бошқалар) ўтказилганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси текширув ўтказилган кунга (кунларга) берилади.
Бемор тунги вақтда тиббий пунктдаги фельдшерга мурожаат қилганда, унга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисида эркин шаклда маълумотнома берилади ва тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади. Ушбу ҳолатда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати аниқланганда, тегишли даволаш-профилактика муассасаси томонидан бемор тиббий пунктга мурожаат қилган кундан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.
Стационар ёки унинг қошидаги кундузги стационарда даволанган беморларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудири томонидан даволанишнинг барча даври учун беморнинг шифохонадан чиқиш пайтида бир йўла берилади.
Стационар ёки унинг қошидаги кундузги стационарда даволанган беморнинг меҳнат қобилияти тикланмаган тақдирда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудири томонидан беморга ҳудудий ёки бошқа даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилиши учун уч календарь кунидан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилган ва ёпилмаган ҳолда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси берилади.
Поликлиника қошидаги кундузги ҳамда уйдаги стационарда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда расмийлаштирилади.
Тез-тез ва узоқ касалланувчи беморларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси даволаш-профилактика муассасаси бош шифокорининг буйруғи асосида бириктирилган шифокор томонидан берилади ва бу ҳақда ёзма равишда беморга ва унинг иш (ўқиш) жойига маълум қилинади. Бириктирилган шифокорнинг соҳасига тегишли бўлмаган касаллик аниқланганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси тегишли мутахассис билан биргаликда берилади (узайтирилади).
Бириктирилган шифокор ишда бўлмаганда беморга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси бошқа шифокор томонидан бўлим мудири ёки бош шифокор билан биргаликда берилади.
ОИТСга қарши курашиш марказлари ва сил, руҳий-асаб, наркология, тери-таносил касалликлари диспансерлари шифокорлари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари вақтинча меҳнатга лаёқатсизликнинг барча даврига берилади.
ОИВ инфекцияси, сил, руҳий-асаб, наркология, тери-таносил касалликларига чалинган беморлар умумий йўналишдаги даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат қилганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси уч календарь кунигача расмийлаштирилади ва ихтисослиги бўйича тегишли даволаш-профилактика муассасасига юборилади.
Йиллик асосий ва қўшимча таътиллар, ўқиш билан боғлиқ таътиллар ва ижодий таътиллар вақтида, шунингдек ишлайдиган пенсионерларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосларда берилади.
Ишдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ёки ўқишдан бўш вақтда ишлаётган шахсларга бир вақтнинг ўзида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва таълим олаётган шахслар учун меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (095\х шакл) берилади.
Ўриндошлик асосида ишловчи ходимга ўриндошлик бўйича ишлайдиган иш жойига тақдим қилиши учун асосий иш жойига тақдим қилинадиган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг даволаш-профилактика муассасаси бўлим мудири томонидан тасдиқланган нусхаси берилади.
Алкоголга қарамлик натижасида келиб чиқадиган касалликлар ва жароҳатларда, шунингдек беморнинг мастлиги натижасида олинган жароҳатларда мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094\х шакл) расмийлаштирилади.
Жароҳат беморнинг мастлигига боғлиқ бўлмаган ҳолда олинганлиги (етказилганлиги) суднинг қонуний кучга кирган қарори билан тасдиқланганда мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094\х шакл) меҳнатга лаёқатсизлик варақасига алмаштирилади.
Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш меҳнатга вақтинча лаёқатсизликнинг давом этишига сабаб бўлаётганлиги аниқланганда, меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг «Тартибнинг бузилиши» сатрига тегишли ёзув киритилган ҳолда унинг муддати шу кундан бошлаб тўхтатилади ва беморга мастлик ҳолати бўйича меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси (094\х шакл) расмийлаштирилади.
Қуйидаги ҳолларда бемор тегишли тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига (бундан буён матнда ТМЭК деб юритилади) юборилади:
айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври узлуксиз тўрт ойни ташкил қилса, сил касаллиги бундан мустасно;
айнан бир касаллик бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври танаффус билан ўн икки ой мобайнида жами олти ойни ташкил қилса, сил касаллиги бундан мустасно;
сил касаллиги биринчи марта аниқланганда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври касаллик аниқланган кундан бошлаб камида ўн ойни ташкил қилса;
силга қарши курашиш муассасасида ҳисобда турган беморда асосий касаллик кучайган — вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бошлангандан кейин меҳнатга лаёқатсизлик даври камида олти ойни ташкил қилса.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморлар юқорида кўрсатиб ўтилган муддатлар ўтмасдан туриб ҳам тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига юборилиши мумкин. Ушбу шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишга қабул қилиш тўғрисидаги қарор ТМЭК раиси томонидан қабул қилинади.
Бевосита туғруқ муассасаси ёки бошқа муассасадан янги туғилган болани фарзандликка олган ёки болага васий қилиб белгиланган шахсга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кунгача, икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган тақдирда эса, етмиш календарь кунгача ҳудудий амбулатор поликлиника томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.
Мактабгача таълим муассасасида ёки олти ёшга тўлмаган болага ўрнатилган карантин даврида болага қараш учун ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан карантин белгиланган, лекин ўн тўрт календарь кунидан ошмаган муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Стационар шароитда уч ёшга тўлмаган болани парваришлаш учун қаровни таъминлайдиган шахсга даволашнинг барча даврига меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Стационарда даволаниш вақтида боланинг касаллиги оғир кечган ҳолларда даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудирининг бемор бола қўшимча парваришга муҳтожлиги тўғрисидаги хулосасига асосан, ота-онасидан бирига ёки оиланинг бошқа аъзосига қаровни таъминлаш учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномалари паспорт ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида, тузатиш ва қисқартиришларсиз, кўк ёки қора рангли ручкада расмийлаштирилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бланкасининг юқори ўнг қисмида «Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича ҳисобот» шаклининг сатр рақамига мос келадиган шифр қўйилади.
«Тартиб» сатрида бемор даволанаётган тегишли тартиб (амбулатор, стационар, санатор ва бошқа) кўрсатилади.
«Тартибнинг бузилиши» сатрида белгиланган тартиб бузилганлиги (қабулга белгиланган вақтда келмаслик, мастлик, ман этилган ишни бажариш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида рухсатсиз бошқа жойга жўнаб кетиш ёки ишга чиқиш ва бошқалар) ҳақидаги маълумотлар, тартибнинг бузилишининг сабаби ва санаси қайд қилинади.
Бемор шифокор қабулига келмаган кунларда унинг меҳнат қобилияти тикланган бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси у қабулга келган сана билан ёпилади.
Дубликатнинг «Ишдан озод қилиш» сатрида меҳнатга лаёқатсизликнинг барча даври бир сатрда тўлдирилади.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномасининг реквизитлари боланинг ривожланиш тарихида, беморнинг касаллик тарихида ҳамда меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини рўйхатга олиш ва врачлик маслаҳат комиссияси хулосаларини қайд қилиш китобида қайд этилади.
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишилган.
Манба: norma.uz