Ибн Синонинг навқирон ворислари
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда шаклланган илм-фан мактаблари фаолиятини ривожлантириш, буюк алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш ва жамиятимиз тараққиётини юксалтиришда муҳим омил бўлаётир.
Бу йўналишдаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида барча таълим муассасаларида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўз йўналишида нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида етакчи таълим муассасаларидан бири бўлган Тошкент тиббиёт академиясида ҳам ушбу вазифаларни ташкил этишда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, юртимиз ва жаҳондаги нуфузли илм-фан муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўз самараларини
Тошкент тиббиёт академияси илмий ишлар бўйича проректори Шуҳрат БОЙМУРОДОВ билан ЎзА мухбирининг суҳбати ёшларни илм-фан фаолиятига кенг жалб этиш, бу жараёнда улуғ мутафаккир Абу Али ибн Сино илмий меросини талабалар онггига чуқур сингдириш, уларни аллома бобомизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди.
– Тошкент тиббиёт академияси соғлиқни сақлашнинг замонавий йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлайдиган нуфузли таълим масканларидан биридир. Бугунги кунда академиянинг бешта факультетида уч мингдан зиёд бакалавр, саккиз юздан зиёд магистр мутахассис таълим олмоқда. Олти юз нафардан зиёд профессор-ўқитувчи ёшларга таълим бермоқда, – дейди Ш.Боймуродов. – Бу ерда ўқув жараёнини илғор педагогик услублар ва замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Кафедралар Тошкент тиббиёт академияси клиникалари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, етакчи шифохоналар базасида жойлашгани ёшларнинг назарий билимини амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб бориш имконини бермоқда.
Олий таълим даргоҳининг қарийб етти юз ўн икки мингдан ортиқ китоб ва ўн беш минг тўрт юз электрон адабиётга эга ахборот-ресурс маркази ва кутубхоналари доим гавжум. Глобал ахборот тармоғига уланган компьютерлар орқали талабалар тиббиётнинг энг сўнгги ютуқлари, жаҳондаги нуфузли тиббий илмий-амалий марказларда эришилаётган янги ихтиролар билан бевосита танишиш имконига эга бўлмоқда.
Тошкент тиббиёт академияси дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидаги нуфузли клиникалар, илм-фан марказлари билан таълим ва илмий соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Бу жараёнда ёш ўқитувчи ва магистрларнинг малакасини ошириш, билим ва тажриба алмашиш, мамлакатимиз илм-фани ва тиббиёти ютуқларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида олтмиш нафарга яқин ёш педагог ва магистр Жанубий Корея, Германия, Италия каби давлатларнинг тиббий-илмий марказларида тажриба алмашди.
– Академияда замонавий тиббиётни юксалтириш ва ёшларга юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар асос солган илмий мактаблар анъаналарини ўргатишда қандай ишлар амалга оширилаётир?
– 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, уларнинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий анжуманда Президентимиз ғоят теран кенг кўламли маъруза қилди. Маърузада мамлакатимизда улуғ аждодларимиз яратган бой маънавий меросни ўрганиш, ундан халқимизни ва бутун жаҳон жамоатчилигини баҳраманд этиш борасида амалга оширилаётган ишлар батафсил ёритилди. Буни ҳалқаро экспертлар эътироф этгани барчамизга улкан фахр-ифтихор бағишлади.
Тошкент тиббиёт академиясида Ибн Сино меросини талабаларга чуқур ўргатиш, замонавий тиббиёт тараққиётида ушбу бебаҳо маънавий меросимизда ўз аксини топган илғор ғоялардан самарали фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Фаннинг барча соҳаларини ўқитишда, албатта, мутафаккир бобомизнинг асарларига мурожаат этамиз. Хусусан, “Тиб қонунлари” ва бошқа асарлари ўқитувчи ва талабалар учун қимматли манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Ибн Сино таълимоти ўтмишда инсон учун бебаҳо неъмат бўлган саломатликни асрашда қандай қадрли бўлса, бугунги кундаги аҳамияти ҳам шу қадар юксак. Ҳатто фан ва технологиялар юқори даражада тараққий этган, янги дори-дармон, диагностика ҳамда даволаш технологиялари амалиётга кириб келаётган ҳозирги замонда ҳам алломанинг табобат анъаналарига оид даволаш усулларига эҳтиёж кучайиб бормоқда. Зеро, қадимий табобат усуллари оғир асорат қолдирмайдиган шифобахш гиёҳлар, даволовчи ҳаракатли муолажаларга асослангани сабабли саломатлик омили бўлиб келган. Ана шу соҳаларга эҳтиёж кучайгани сари малакали мутахассисларга бўлган талаб ҳам ошиб бораётир. Шундан келиб чиқиб таълим муассасамизда жисмоний ва шифобахш тиббиёт йўналишлари очилди. Ҳозирги кунда ушбу кафедраларда магистр мутахассислар тайёрланмоқда.
Яна бир янги йўналиш тиббиёт психологияси, деб номланади. Тиббиётда бемор-касаллик-шифокор, деган тушунча бор. Врач беморнинг кўнглига йўл топиб, ўзи томонига оғдира олсагина касалликни енгиш имконияти юзага келади. Ибн Сино таълимотини ўрганар эканмиз, бу борада аллома жуда юқори маҳорат эгаси бўлганига қойил қоламиз. Унинг ўгитларида ҳам аввало беморнинг руҳий ҳолатини ўрганиш, кейин муолажани бошлаш хасталикни енгишда самарали усул экани қайд этилган. Тиббиёт психологияси жаҳон тиббиётининг шундай талаблардан келиб чиқиб ривожланаётган янги соҳасидир. Мазкур йўналишларда таълимни жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш учун зарур ўқув-услубий қўлланмалар яратилди. Бу борада жаҳон тиббиётининг илғор усуллари чуқур ўрганилди.
– “Тиб қонунлари” асарида аллома касалликларнинг олдини олиш тадбирларини алоҳида бир илм тарзида ўрганиш зарурлигини қайд этиб, буни «соғлиқни сақлаш санъати» деб номлаган. Бугунги кунда таълим ва илм-фан тизимида алломанинг бу ўгитлари қандай ижобат бўлмоқда?
– Ибн Сино таълимотида қайд этилган бу жиҳатларни олимлар чуқур ўрганиб, инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечириши унинг ўз қўлида эканини, бунинг учун ҳаёт тарзини тўғри ташкил этиш зарурлигини аниқлашди ва “соғлом турмуш тарзи”, “тиббий профилактика” деган атамалар амалиётга кенг жорий этилди. Улуғ аллома тиббий-профилактика ишларини ташкил этиш, кўплаб касалликлар, масалан, генетик, юқумли ва бошқа хасталикларнинг олдини олиш тадбирларини оилаларни ўрганиш орқали бартараф этиш мумкинлигини қайд этган. Шундан келиб чиқиб, тиббиётда оила шифокори, ҳамшираси, дояси каби йўналишлар тобора ривожланмоқда.
Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида буюк аждодларимиздан мерос бой илмий меросни ўрганиш, ундан самарали фойдаланиш, тиббиёт тизимини замон билан ҳамқадам ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилди. Соғлиқни сақлаш тизимида дунёда ўхшаши бўлмаган янги йўналиш – қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда уч мингга яқин ҚВП ва кўплаб оилавий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалар аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул бирламчи тиббий профилактика ёрдами кўрсатмоқда. Ушбу соҳа учун малакали мутахассисларни тайёрлаш бизнинг олий таълим муассасамиз фаолиятининг ҳам устувор йўналишини ташкил этади.
Тошкент тиббиёт академиясида замонавий андозалар даражасида таълим олган умумий амалиёт шифокорлари касалликларнинг бирламчи аломатларини ўз вақтида аниқлаш, соғломлаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда фаол иш юритаётир.
Бу йил академияни қарийб беш юз нафарга яқин умумий амалиёт врачи битиради. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлардаги соғлиқни сақлаш бошқармалари, тиббиёт муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
– Юртимизда иқтидорли талабаларни рағбатлантиришнинг ўзига хос тизими яратилган. Бир қатор давлат стипендиялари, хусусан, Ибн Сино номидаги стипендия ташкил этилган. Академияда ана шундай мукофотларга сазовор бўлаётган ёшлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.
– Нуфузли мукофотларга, хусусан, Ибн Сино номидаги стипендияга сазовор бўлиш ҳар бир талабанинг орзусидир. Ёшларга бу борада барча имкониятлар яратилган.
Талабалар бакалавриат йўналишининг дастлабки босқичларидан илм-фан фаолиятига жалб этилади. Мамлакатимиз тиббиётининг жаҳон соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш, соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган ютуқларни жаҳон миқёсида кенг намоён этиш мақсадида кейинги йилларда таълим жараёни инглиз тилида олиб борилмоқда.
Академияда талабаларни илм-фан фаолиятига кенг жалб этиш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини рағбатлантиришга кўмаклашиш мақсадида талабалар ва ёш олимлар илмий жамиятлари ташкил этилган. Ёш изланувчилар ўртасида турли кўрик-танлов ва анжуманлар ташкил этиш анъанага айланган. Бундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшлар таълим ва илм-фан соҳасида салмоқли натижаларга эришмоқда.
Даволаш факультети талабаси Беҳзод Бобоев шундай иқтидорли ёшлардан. Бир неча хорижий тилни чуқур биладиган, компьютер технологиялари бўйича юқори малакага эга ёш тадқиқотчи ўқиш ва жамоат ишларидаги ютуқлари баробарида кардиология соҳасида илмий изланиш олиб бораётир. У устозлари билан тиббиёт атамалари бўйича қўлланма яратиш юзасидан ҳам изланмоқда. Ёш тадқиқотчи шу каби ютуқлари туфайли Ибн Сино номидаги стипендияга сазовор бўлди.
Олий ўқув юртимизда улуғ аждодларга муносиб ворис бўлишга интилаётган бундай иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиётни ривожлантириш, таълим тизимини ислоҳ этиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор интеллектуал салоҳияти юксак ёшлар – Ибн Сино ворисларининг сафини кенгайтириш, уларни улуғ аждодларимиз асос солган қадриятларнинг, эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб камолга етказишга хизмат қилади.
Источник: uza.uz