UZ RU
20.04.2015

Саломатмисиз, фахрийлар

Президентимизнинг жорий йил 26 мартдаги Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойишига мувофиқ “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган саломатлик ҳафталиги Самарқанд вилоятида ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбир доирасида вилоятда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, нуроний отахон ва онахонлар юртимиздаги етакчи тиббий муассасаларнинг юқори малакали мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бунинг учун жойлардаги поликлиникаларда зарур шароитлар яратилиб, замонавий тиббий ускуналар, ташхис воситаларидан фойдаланилмоқда. Ногирон ва хаста фахрийлар кўчма тиббий гуруҳлар томонидан ўз яшаш жойларида кўрикдан ўтказилиб, уларга керакли ёрдам кўрсатилаётир.

– Давлат дастури асосида йил бошидан буён вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида бу каби тиббий кўриклар ташкил этилиб, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёши улуғ инсонлар саломатлиги назорат қилиб борилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Жўраев. – Хотира ва қадрлаш куни олдидан ўтказилаётган мазкур тадбир ҳам бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлиб, 280 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 3 минг 200 дан ортиқ меҳнат фронти фахрийси терапевт, уролог, невропатолог, офтальмолог, лор ва бошқа мутахассислар кўригидан ўтказилмоқда.

Кўрик натижалари бўйича ҳар бир нуронийга зарур тавсиялар, дори-дармонлар берилмоқда. Шунингдек, заруратга қараб, уларга саломатлигини тиклаши учун ихтисослаштирилган тиббий марказлар, илмий-текшириш институтлари ва клиникалар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва бошқа муассасаларга йўлланмалар ажратилди.

– Яратганга шукр, бу йил 100 ёшни қаршиладим – дейди Пастдарғом тумани Қорағуппа маҳалласида яшовчи Самандар Пардаев. – Бу юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, давлатимизнинг биз, кекса авлодга ғамхўрлиги туфайлидир. Туманимиз шифокорлари тез-тез хонадонимизга келиб, саломатлигимдан хабардор бўлиб туришади. Бугун ҳам бир неча мутахассислар кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар берди. Илоҳим, улар умридан барака топсин.