Дўстлик ва ҳамжиҳатлик фестивали
Тадбирда мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётгани таъкидланди.
Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, барчамиз учун ягона бўлган Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилмоқда. Ҳар бир миллат ўз тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаши, янада ривожлантириши, миллий маданият марказларининг эркин фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилган.
Андижон вилоятида юздан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Вилоятда уйғур, қирғиз, рус, корейс ҳамда арман миллий маданият марказлари фаолият юритмоқда. Бир неча йилдирки, турли миллат вакиллари яшайдиган Жалақудуқ, Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Андижон шаҳрида дўстлик фестиваллари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган.
“Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида ўтказилган фестивалда таълим муассасалари ўқувчилари, ижодкор ёшларнинг миллатлараро дўстлик, турли миллатлар вакилларининг Ватанимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси акс этган тасвирий санъат асарлари, шунингдек, миллий таомлар, либослар, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари намойиш этилди.
– Бундай тадбирлар Ватанимиз Ўбекистонда миллатлараро дўстлик ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Корейс миллий маданият маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Вячеслав Ким. – Ўзбекистонда яшаётган барча миллатларнинг мақсади битта, у ҳам бўлса, Ватанимиз тинчлиги ва равнақини таъминлашдир. Улар шу муқаддас заминни ўз Ватани деб билади. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Шу азиз Ватан – барчамизники” деган олижаноб ғоя тили, дини ва миллатидан қатъи назар, барча юртдошларимизнинг орзу-интилишларини ифодалайди. Чунки барчамизнинг бахт-саодатимиз мана шу Ватан тинчлиги, озодлиги ва ободлиги, иқтисодий равнақи билан боғлиқ.
Фестивалда миллий маданият марказлари қошида ташкил этилган халқ ансамбллари ва ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, улар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага бирдек манзур бўлди.
– Она диёримиздаги миллатлараро тотувликка ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, – дейди Рус миллий маданият маркази Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари Елена Бабенко. – Чунки, Ўзбекистонда турли миллатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарига ҳурмат, дўстона муносабатлар қарор топган. Миллатидан қатъи назар, шу муқаддас заминнинг ҳар бир фуқароси Ватан тинчлиги ва ободлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётгани барчанинг ҳавасини келтиради.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.