UZ RU
08.04.2015

Мамлакатимизнинг буюк келажаги

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, келажагимиз бўлган навқирон авлодни жисмонан ва маънан соғлом вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Унинг замирида таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, мустаҳкам оила қуриш, соғлом зурриётни дунёга келтириш, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топиши, замонавий билимларни эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар мужассам.

Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишларда узоқни кўзлаб амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг юксак самаралари бугун мустақиллик фарзандлари – ёшларимиз мисолида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик бу жараёнда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Ёшларимизнинг спорт билан шуғулланиши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мамлакатимизнинг барча ҳудудида барпо этилган ва спорт анжомлари билан жиҳозланган замонавий спорт мажмуалари, спорт заллари, стадионлар, сузиш ҳавзалари, спортга ихтисослашган мактаблар доимо ўғил-қизлар билан гавжум.

2014 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 163 объект, жумладан, 115 болалар спорти иншооти фойдаланишга топширилди. Ўтган йилда спорт билан мунтазам шуғулланадиган болалар сони 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар ўсди. 2013 йилда қишлоқларда спорт билан шуғулланадиган болалар 43 фоизни ташкил этган бўлса, 2014 йили бу кўрсаткич 54,7 фоиздан ошди.

Бу рақамлар қалбимизни қувончга тўлдириб, эртанги кунга бўлган ишончимизни янада оширади.

– Болалигимизда жисмоний тарбия дарслари қандай ўтилганини яхши эслайман, – дейди қашқадарёлик Парда Арслонов. – Бирорта ўқувчида на спорт форма, на талабга жавоб берадиган оёқ кийими бўларди. Жисмоний тарбия дарси мактабнинг чоғроққина стадионида тўпни тепишдан иборат эди. Ҳозирги ёшларга ҳавас қилса арзийди. Спорт залларидаги шароитни кўриб, болаларнинг спортга қизиқиши ортади.

2003-2014 йилларда Қашқадарё вилоятида 165 болалар спорти иншооти барпо этилган. Бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишларини юртимизнинг барча ҳудудида кузатиш мумкин. Энг қувонарлиси, чекка ҳудудларда ҳам бунёд этилаётган спорт масканларидаги шароитлар шаҳарникидан асло қолишмайди.

– Мактабимизда 430 нафардан зиёд ўқувчи спортнинг волейбол, қўл тўпи, футбол, стол тенниси, кураш каби турлари билан мунтазам шуғулланмоқда, – дейди Косон тумани Мудин қишлоғидаги 3-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Анвар Эргашев. – Ўн икки нафар малакали мураббий уларга машғулотлар ўтмоқда.

Эрта ёшдан бошлаб спорт билан мунтазам шуғулланадиган болалар жисмонан соғлом бўлиб вояга етади. Шу аснода ёшларимизни баркамол инсонлар этиб камолга етказиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш учун катта имкониятлар пайдо бўлади.

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Болада спортга меҳрни шакллантириш, уни бирор бир спорт турига қизиқишини ошириш учун аввало оилада соғлом муҳит бўлиши керак. Шу боис юртимизда ёш оилалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, айниқса, хотин-қизларни спортга кенг жалб қилиш ишларига доимий эътибор қаратилмоқда. “Соғлом фарзанд – юрт келажаги”, “Гимнастика барча учун”, “Соғлом аёл – соғлом жамият”, “Баҳор маликалари”, "Қувноқ стартлар", “Отам, онам ва мен – спортчи оила”, “Она соғлом бўлса, фарзанд соғлом бўлади”, “Соғлом юрт, соғлом келажак” каби қатор спорт тадбирларининг мунтазам ташкил этилаётгани бунда муҳим аҳамиятга эга.

Биргина “Отам, онам ва мен – спортчи оила” мусобақаси оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, аҳиллик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат каби фазилатларни сингдиришга хизмат қилмоқда. Мазкур мусобақаларда қатнашган оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир тану бир жон бўлиб, ғалаба сари интилади, ҳар бир муваффақиятда ўзининг ҳиссаси борлигини ҳис этади.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасидан маълум қилишларича, ўтган йили жамғарма томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида қирқдан ортиқ спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилган.

Таълим тизимидаги “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари минглаб ёшларимизнинг орзуларини рўёбга чиқармоқда, пировардида ҳаёт йўлини белгилаб бермоқда. Ушбу мусобақаларда чиниққан ёшларимизнинг жаҳон ареналарда эришаётган улкан ғалабалари мамлакатимиз спорти саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилмоқда, бу ҳар биримизга чексиз фахр-ифтихор бағишламоқда.