UZ RU
28.03.2015

Соғлом она-бола ва матбуот

Нукусда аҳоли саломатлиги, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масаласига бағишланган семинар ўтказилди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини ёритиш бўйича салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, нодавлат ташкилотлари вакиллари, таълим, тиббиёт соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда оилаларда тиббий маданиятни юксалтириш, оналар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Оналар ва чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, гўдакларни кўкрак сути билан боқишнинг аҳамияти, бола парвариши, оналар ва болалар касаллигини камайтириш мақсадида акушер-гинекологик, перинатал ёрдам кўрсатишнинг сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида таҳлилий материаллар тайёрлаш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

– Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар, улардаги шарт-шароитлар, оилада бола тарбияси, ота-оналарнинг бола тарбияси бўйича билим ва кўникмасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самарасини оммавий ахборот воситаларида ёритиш долзарб вазифалардандир, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ахборот хизмати раҳбари Есимхон Қанаатов. – Бунда журналистларнинг амалий кўникмасини мустаҳкамлаш ва чоп этилаётган материаллар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Қорақалпоғистон Республикасида 2014 йилда мактабгача таълим муассасаларига болаларни жалб этиш 2013 йилга нисбатан 4,9 фоизга ошди. Бунда мактаб-маҳалла-мактабгача таълим муассасасининг ҳамкорлиги асосида ота-оналар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикасининг 9 туманида ташкил этилган намунавий мактабгача таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Жорий йилда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, 16 мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланади.

Интерфаол усулда ўтказилган семинарда оммавий ахборот воситаларида оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш, бу борада ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Манба: uza.uz