UZ RU
28.03.2015

“Саломатлик” поезди хизматидан аҳоли мамнун

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Саломатлик” поезди шифокорлари Навоий вилоятида саломатлик кунларини ўтказмоқда.

Тиббий кўрикларга вилоят марказидан олисда жойлашган қишлоқ ва овулларда яшовчи ҳамда алоҳида парваришга муҳтож аҳоли қатлами жалб этилмоқда.

– Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи инсонларга юқори даражада тиббий хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясининг соғлиқни сақлаш хизмати шифокори Мунира Тўраева. – “Саломатлик” тиббий-санитар поездимиз ҳам шу мақсадда ташкил этилган. Текширувлар жараёнида кексалар, болалар ва ёш оналарга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунда бизга маҳаллий шифокорлар яқиндан кўмаклашмоқда.

Тадбир давомида аҳолига озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, тиббий анжом ҳамда санитария-гигиена воситаларидан иборат мурувват ёрдамлари кўрсатилмоқда.

– Кўпдан буён бош оғриғи безовта қиларди. Турмуш ташвишлари билан бўлиб шифокорга боришга ҳафсала қилмай юргандим, – дейди Тинчлик қўрғонида яшовчи Роҳила Сафарова. – “Саломатлик” поездида малакали шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётганини эшитиб хурсанд бўлдим. Тиббий кўрикка келиб, зарур маслаҳатлар олдим. Бундай эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз.

“Саломатлик” поезди шифокорлари Навоий, Тинчлик, Конимех, Қара-Қата, Мустақиллик, Қизилқудуқ, Бузаубай ва Учқудуқ станциялари атрофидаги ҳудудларда яшовчи аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.

Манба: uza.uz