Шифохонанинг янги биноси
Қарши шаҳридаги вилоят онкология диспансерининг янги ва реконструкция қилинган бинолари фойдаланишга топширилди.
Тиббиёт муассасасининг очилиш маросимида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт масканларини замонавий асбоб-ускуналар ва малакали мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
120 ўринга мўлжалланган диспансерда 5 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Муассасанинг болалар, гинекология ва реанимация бўлимлари янги, бўйин-бош, жарроҳлик ва диагностика бўлимлари реконструкция қилинган биноларда фаолият юритмоқда.
– Жаҳон тиббиётида онкологик хасталикларни даволаш бўйича махсус стандартлар мавжуд, – дейди Қашқадарё вилояти онкология диспансери бош шифокори Тўрақул Холиқов. – Шифокорларимиз ана шу стандартлар асосида иш олиб бормоқда. Илгари онкологик касаллик билан оғриганлар даволаниш учун Тошкентга, ҳатто чет элларга боришга мажбур эди. Энди бунга ҳожат қолмади. Пойтахтимизда, ривожланган хорижий давлатларда бажариладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоятнинг ўзида амалга оширилмоқда.
Жорий йил охирига қадар муассасага навбатдаги замонавий тиббий ускуналар келтирилади. Умуман, кейинги йилларда вилоятдаги тиббиёт муассасаларига эътибор кучайди. Хусусан, ўтган йили шу мақсадлар учун 15 миллиард 700 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Қарши шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, вилоят сил касалликларига қарши курашиш диспансери, Қарши, Ғузор, Миришкор, Яккабоғ туманлари тиббиёт бирлашмалари капитал таъмирланди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.
Манба: uza.uz