UZ RU
26.03.2015

Ҳар бир болага эътибор ва ғамхўрлик

Тошкентда «Аутизм: инновацион ечимлар ва ҳаракатлар стратегияси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Тадбир Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази, «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари томонидан ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар мутахассислари, жамоат ҳамда нодавлат ташкилотлари вакиллари, Австрия, Исроил, Хитой, Франция ва Грециядан экспертлар иштирок этмоқда.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳомийлик кенгашлари раиси Л.Каримова-Тиллаева, соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, халқ таълими вазири У.Иноятов, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ф.Ризаев ва бошқалар мамлакатимизда соғлом авлод тарбияси, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Бу борада жисмоний имкониятлари чекланган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, жамиятимизга мослашувига ёрдам берилмоқда. Ушбу жараёнда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур илмий-амалий конференциянинг ўтказилиши жаҳонда аутизм билан касалланганлар сони кўпайиб бораётгани, бундай беморларни ўқитиш, тарбиялаш ва жамиятга мослаштириш муаммосига турлича ёндашувлар, ушбу соҳадаги замонавий илм-фан ютуқлари ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқиш зарурати билан боғлиқдир.

Конференция қатнашчилари аутизм муаммосини ҳал этиш амалий инновацион тадқиқотлар ўтказиш ва бу тадқиқотлар натижасида аутизм билан касалланган болаларни жамиятга мослаштириш имконини берадиган янги, самарали дастур ҳамда технологиялар ишлаб чиқишни тақозо этишини таъкидлади. Бу борада барча мутахассислар – педагоглар, психологлар, шифокор ва дефектологларнинг ижтимоий шериклиги муҳим аҳамият касб этади.

Чет эллик мутахассислар Ўзбекистонда ижтимоий шериклик асосида аутизм белгилари бор болаларга аниқ мақсадли ва манзилли ёрдам кўрсатилаётганини алоҳида қайд этди. Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази «Sen Yolg’iz Emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси билан ҳамкорликда ушбу йўналишда қатор ижтимоий лойиҳалар ва соғломлаштириш тадбирларини ўтказмоқда. Масалан, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳузуридаги Ахборот-консалтинг хизмати базасида аутизм касаллигига чалинган болалар ва уларнинг оилаларига комплекс психологик ёрдам кўрсатилаётир. Психолог билан алоҳида машғулотлар, гуруҳ ўйинлари, мавзуга оид хоналар ва сузиш ҳавзасида машғулотлар ўтказиш, табиат қўйнида биргаликда сайр қилиш, бундай болаларнинг ота-оналари учун ўқув ва релаксация тренинглари ҳамда ахборот семинарларидан иборат мақсадли дастур ишлаб чиқилган. Самарали хориж услублари фаол жорий этилмоқда, чет эллик етакчи мутахассислар иштирокида маҳорат сабоқлари ўтказилмоқда.

– Ўзбекистонда аутизм муаммоси чуқур ўрганилмоқда, – дейди грециялик мутахассис Димитриос Николас Сакеллион. – Олимлар, психологлар, психиатр ва бошқа мутахассислар ҳамкорлиги салмоқли натижалар бермоқда. Улар томонидан ишлаб чиқилган комплекс ёндашув Республика болалар ижтимоий мослашуви марказида самарали қўлланиляпти ва биз марказнинг бу борадаги фаолияти билан яқиндан танишдик. Келажакда ушбу йўналишда тадқиқотлар ўтказишда ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликни давом эттирамиз.

Конференция иштирокчилари аутизмни аниқлаш ва даволашнинг инновацион усулларидан фойдаланиш, бу борада ҳамкорликни кенгайтириш масаласи бўйича фикр алмашди.

Халқаро конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Манба: www.uza.uz