UZ RU
20.03.2015

Соғлом бола – юрт келажаги

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Сурхондарё вилоятининг экологик номақбул ҳудудларида болалар соғлиғи кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасини амалга ошириш” лойиҳаси доирасида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Экоҳаракат фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жисмонан соғлом, маънан етук авлодни вояга етказиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

“Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ Узун, Сариосиё ва Денов туманларида ижтимоий буюртма асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа ихтисослаштирилган илмий-текшириш институтларининг мутахассисларини жалб этиб, ҳудуд аҳолиси, айниқса, аёллар ва болаларни малакали тиббий кўрикдан ўтказишда муҳим аҳамият касб этаётир. Қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари малакаси оширилиб, энергия таъминотидан олис ҚВПларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жорий этиш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тавсияси асосида Узун, Сариосиё ва Денов туманларидан танлаб олинган “Ўзбекистон-1”, “Бобур”, “Янгиобод” қишлоқ врачлик пунктлари замонавий энергия қурилмалари – қуёш станцияси ва коллекторлари билан жиҳозланиб, узлуксиз электр энергияси ҳамда иссиқ сув билан таъминланди, – дейди лойиҳа консультанти Зафар Очилов. – 300 нафардан ортиқ она ва бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаш чоралари кўрилди. Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган ахборот-услубий материаллар тарқатилди.

Денов туманидаги “Ўзбекистон-1” қишлоқ врачлик пунктида етти малакали шифокор, 39 ўрта тиббиёт ходими ўн беш мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

– Тиббий муассасамизда аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун барча шароит мавжуд, – дейди “Ўзбекистон-1” қишлоқ врачлик пункти мудири вазифасини бажарувчи Чори Тоғаев. – Ўзбекистон Экологик ҳаракати кўмагида қуёш батареяси ва коллектори ўрнатилгани электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада оширди. Иссиқ сув таъминоти яхшиланди. Бу қулайликлар аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, аниқ ташхис қўйишда яхши самаралар бераётир.

Тадбир доирасида Тошкентдан келган малакали мутахассислар мазкур қишлоқ врачлик пунктида оналар ва болаларни чуқурлаштирилган профилактик кўрикдан ўтказиб, касаллиги аниқланган беморларга маслаҳатлар берди. ҚВПга келиш имконияти бўлмаган қариялар хонадонларида тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур дори-дармонлар билан таъминланди.

Шифокорлар Сариосиё туманидаги “Бобур”, Узун туманидаги “Янгиобод” қишлоқ врачлик пунктларида ҳам бўлиб, оналар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказди. Аҳолининг тиббий маданиятини оширишга бағишланган суҳбатлар ташкил этиб, буклет ва ахборот-услубий материаллар тарқатди.

– Тажрибали мутахассислар томонидан тайёрланган қўлланма ва ахборот-услубий материаллар аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Ш.Султонова. – Бу ҳудудда учрайдиган касалликларнинг олдини олиб, аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ёрдам беради.

Семинар якунида Узун, Сариосиё ва Денов туманларидаги шифохона ва бирламчи тиббиёт муассасаларига аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, даволаш учун зарур бўладиган замонавий тиббий анжомлар топширилди.