UZ RU
07.03.2015

Репродуктив саломатлик ва ёшлар

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, шаҳар саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамкорлигида репродуктив саломатликни асрашнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этишга оид давлат дастурларида белгиланган кенг кўламли вазифалар ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётгани аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамкорлиги ўз самараларини бермоқда. Оилавий поликлиникаларда аҳоли, жумладан, мактаб ва коллеж ўқувчилари мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Таълим масканларида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ўз саломатлиги учун масъулиятни кучайтириш, йигит-қизларга репродуктив саломатлик тушунчаларини чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Оилавий поликлиникамиз йигирма олти мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади, – дейди Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника бош шифокори Озода Исломова. – Ҳудудимиздаги таълим масканларида соғлом турмуш тарғиботига оид дарс ва машғулотларни, “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятини юқори савияда ташкил этишда тиббиёт муассасамиз шифокорлари ва мутахассислар ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўқувчилар белгиланган муддатларда чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилмоқда.

Тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар, педагоглар, ўқувчилар иштирок этган давра суҳбатида репродуктив саломатликни асрашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, ёшларни салбий иллатлардан асраш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.