Шифо маскани хизматидан аҳоли мамнун
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида аҳоли, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий муассасалар моддий-техник базасини модернизациялаш орқали хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Наманган вилояти тиббиёт муассасалари, жумладан, онкология диспансерида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шифохонанинг моддий-техник базаси замон талаблари даражасида янгилангани ташхис ва даволаш ишлари сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишларига 2 миллиард 716 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган тўрт қаватли бинонинг фасад қисми бутунлай янги, замонавий кўринишга эга бўлди. Инвестиция дастурига мувофиқ, қирқ турдаги замонавий тиббий ускуналар, мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди.
– 2012 йили диспансерга хориждан “Кобальт-60” радиоактив нурланиш манбаи келтириб ўрнатилди, – дейди Наманган вилояти онкология диспансери бош шифокори М.Эргашева. – Жорий йилда компьютер томографияси, ички нурлантириш, ички органларни эндоскопик текшириш аппаратлари амалиётга татбиқ этилади. Нур терапияси билан даволашга мўлжалланган радиология бўлими кенгайтирилиб, 140 нафар беморга стационар шароитда хизмат кўрсатилаётир. Янги қурилган қозонхона шифохонани доимий иссиқ сув билан таъминлаш имконини бермоқда. Барча қават ва палаталарда, жарроҳлик, реанимация бўлимларида кислород узатишнинг марказлаштирилган тармоғи яратилгани иш самарадорлигини янада оширди. Диспансерда касалликни илк босқичидаёқ аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, қишлоқ аҳолисининг вилоят марказига келиб-кетиш имкониятлари ҳисобга олиниб, бундай тадбирлар жойлардаги қишлоқ врачлик пунктларида ташкил қилинаётгани кўпчиликка манзур бўлаётир.