UZ RU
23.02.2015

Аҳоли муҳофазаси йўлида

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида 2014 йил якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда 2015 йилдаги устувор вазифалар белгиланиб, мамлакатимиз фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими барча аъзоларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда янада мустаҳкамлаш масаласи муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири Т.Худайбергенов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими аҳоли ҳамда ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар сифатини сезиларли равишда оширгани ва мамлакатимиз миллий хавфсизлик тизимининг муҳим таркибий қисмига айланганини таъкидлади. Бугунги кунда ушбу тизим қирқдан зиёд турли вазирлик ва идораларни қамраб олган, табиий офат ва ҳалокатлар оқибатларининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда давлат бошқарув ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамкорлигини таъминламоқда.

Ўтган йили Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастури ижросини таъминлаш доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари томонидан ўқув юртлари ва маҳаллаларда Фуқаро ҳимояси кунлари, махсус тактик машғулотлар, суҳбатлар, семинар ва бошқа тушунтириш тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирлар зилзилалар оқибатида юзага келадиган турли фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича иштирокчиларнинг назарий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган.

Бундан ташқари, «Ёш қутқарувчи» клублари ташкил этилиб, улар ўртасида илк бор ўтказилган мусобақаларда 29 мингдан зиёд бола иштирок этди. Шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказилган шундай 390 мусобақада 70 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси қатнашди.

2014 йилда автотранспорт воситалари парки янгиланди, барча авария-қутқарув отрядлари янги кучли ёритиш ускуналари, замонавий ғаввослик анжомлари ва бошқа авария-қутқарув воситалари билан таъминланди.

Тадбирда мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмасини ошириш борасида салмоқли ютуқларга эришилгани таъкидланди. Масалан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фуқаро муҳофазаси институтининг Қутқарувчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази томонидан махсус дастур асосида 244 офицер ва қутқарувчи тайёрланди.

Тадбир доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институти ҳудудида барпо этилган янги Зилзилани симуляция қилиш марказига экскурсия ташкил қилинди.