14 нафар болалар Германияда операция қилинади
2015 йил 18 февралда Тошкент Халқаро Аэропортида 14 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун фонднинг вакили ҳамроҳлигида Германияга жўнаб кетишди.
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ногирон болаларни соғломлаштириш ҳамда соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги бўйича бир қатор лойиҳаларини амалга оширмоқда. Кам таъминланган оилалардаги бемор болаларни ижтимоий ва тиббий жиҳатдан кўмак бериш борасида муҳим ишларда нафақат давлат ташкилотлари, балки нодавлат ташкилотларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Шу мақсадда, фонд томонидан бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида даволаш махсус дастури ишлаб чиқилган.
“Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур” – Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя фонд учун дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шундай лойиҳаларидан бири халқаро ҳамкорлик доирасида юртимиздаги бемор болаларни чет эл нуфузли клиникаларида соғломлаштиришдир.
2002 йилда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти биргаликда уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланган эди. Ҳамкорлик доирасида 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилиш билан шуғулланадилар. 2002-2015 йиллар давомида 250 нафар Ўзбекистонлик бемор болалар терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан Германиянинг нуфузли клиникаларида даволанишди.
Ушбу халқаро ташкилотнинг грант маблағи ҳисобига 2014 йил давомида республика бўйича жами 255 нафар туғма лаб танглай нуқсони бўлган ногирон болаларда 29 635,0 сўм маблағ доирасида жарроҳлик операциялари ўтказилди.
Шу билан бир қаторда “Чиройли оёқчалар” лойихаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин”ташхиси билан 15 ёшгача бўлган болаларни операция қилиш мақсадида 2014 йил давомида 255 нафар бемор болалар операция қилинди ва жами харажат 25 400,0 сўмни ташкил этди.
2015 йил 18 феврал куни соат 13:00 да Тошкент Халқаро Аэропорти (VIP залга 10:30 дан 12:30 гача ОАВ ходимлари киришларига рухсат этилади)да қуйидаги 14 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун фонднинг вакили ҳамрохлигида Германияга жўнаб кетишди.