Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида кўрик далолатномаларини расмийлаштириш ва юритиш қоидалари тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 6 февралда рўйхатдан ўтказилган Молия вазирлиги бўйруғи билан тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида кўрик далолатномаларини расмийлаштириш ва юритиш қоидалари тасдиқланди.
Ушбу янги ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бош, туман(шаҳар), туманлараро ва ихтисослаштирилган тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида (бундан буён матнда ТМЭК деб юритилади) кўрик далолатномаларини расмийлаштириш ва юритиш тартибини белгилалаб беради.
ТМЭК кўрик далолатномаси ТМЭК кўрик натижалари бўйича хулоса чиқариш учун асос бўладиган асосий тиббий маълумотлар ва ижтимоий омилларни ёзиш учун мўлжалланган ҳужжат ҳисобланади.
Ҳар бир ТМЭК врач-эксперти ўз хизмат вазифаси доирасида кўрик далолатномаларининг ўз вақтида ва сифатли расмийлаштирилиши учун жавобгардир. Кўрик далолатномаларининг ўз вақтида ва сифатли расмийлаштирилиши устидан умумий назорат ТМЭК раиси томонидан амалга оширилади. ТМЭКда кўрикдан ўтиш учун қабул қилинадиган тиббий ва бошқа ҳужжатлар даволаш-профилактика муассасасининг тиббий-маслаҳат комиссияси раиси ёки масъул шахси томонидан тақдим этилади. Кўрикдан ўтиш учун ТМЭКга тақдим қилинган ҳужжатлар ТМЭК врач-экспертлари томонидан коллегиал кўриб чиқилади ва тиббий текширувнинг сифати, ТМЭКга ўз вақтидалиги ва юборилишининг асослилиги ҳамда тақдим қилинган ҳужжатларнинг хаққонийлигига, ТМЭКга йўлланманинг тўғри ва тўлиқ расмийлаштирилганлигига, амбулатор карта ва касаллик тарихидан кўчирмаларда имзолар ва думалоқ муҳр борлигига, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларининг берилган санаси ва муддатлари, қўйилган ташхис ва иш берувчининг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қабул қилганлик тўғрисидаги белги қўйилганлигига эътибор беришлари лозим.
Агар ТМЭК кўригидан ўтиш вақтида кўрикдан ўтувчи республиканинг бошқа ҳудудида вақтинча яшаётган бўлса («Саҳоват» ва «Мурувват» уйлари ҳамда мажбурий даволанишдаги шахслардан ташқари) ва соғлиғи ҳолатининг оғирлиги сабабли транспортировка қилишга қарши кўрсатма бўлган тақдирда, кўрикдан ўтувчининг (қонуний вакилининг) аризасига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси билан келишилган ҳолда кўрикдан ўтувчи жойлашган ҳудуддаги Бош ТМЭК раисининг рухсати билан тегишли ТМЭКда кўрикдан ўтказилади.
Бунда, ҳужжатлар кўрикдан ўтувчи жойлашган ҳудуддаги даволаш профилактика муассасаси томонидан расмийлаштирилади ва тегишли ТМЭКга тақдим этилади. Кўрикдан ўтказган ТМЭК томонидан кўрик далолатномаси расмийлаштирилади ҳамда ТМЭК раиси ва врач-экспертлари томонидан имзоланиб, муҳр билан тасдиқлангандан сўнг кўрикдан ўтувчи доимий рўйхатда турадиган ҳудуддаги тегишли ТМЭКга 7 кундан кечиктирмай юборилади.
Ногиронлик сабабларини белгилаш учун асос бўладиган қуйидаги қўшимча ҳужжатлар тақдим этилади;
«меҳнатда майибланиш» сабабини белгилаш учун — меҳнат мажбуриятини бажариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиққа етказилган бошқа хил шикастлар тўғрисида далолатнома;
«касб касаллиги» сабабини белгилаш учун — қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус ваколатли соғлиқни сақлаш муассасасининг хулосасидан (касаллик тарихидан) кўчирма;
«болаликдан ногиронлик» сабабини белгилаш учун — ТМКнинг ногирон болага бериладиган тиббий хулосаси ёки 18 ёшгача бўлган даврда ногиронликка олиб келган касалликка чалинганлигини тасдиқловчи даволаш-профилактика муассасасининг касаллик тарихидан (амбулатор картадан) кўчирма;
«Чернобиль АЭСдаги ҳалокат туфайли майибланганлик ёки касалланганлик» сабабини белгилаш учун — ногиронликка олиб келган касалликнинг Чернобиль АЭСдаги ҳалокатни бартараф қилиш билан боғлиқлиги тўғрисидаги Республика экспертлари кенгашининг хулосаси ва кўрикдан ўтувчининг нурланиш зонасида (ҳудудида) бўлганлиги тўғрисида маълумотлар кўрсатилган ҳарбий гувоҳномаси;
«фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик», «ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида орттирилган касаллик», «ҳарбий хизматни ўташ даврида орттирилган касаллик», «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги хизмат билан боғлиқ бўлмаган касаллик», «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш чоғида орттирилган майиблик (яраланиш, шикастланиш, контузия)», «Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларидаги хизмат билан боғлиқ бўлмаган майиблик (яраланиш, шикастланиш, контузия)», «ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида орттирилган майиблик (яраланиш, шикастланиш, контузия)», «ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган бахтсиз ҳодиса оқибатида орттирилган майиблик (яраланиш, шикастланиш, контузия)» сабабларини белгилаш учун — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий хавфсизлик хизмати марказий ҳарбий тиббий комиссияларининг касаллик тўғрисидаги гувоҳномаси.
Ногирон (тўлов пулини олувчи) доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида бошқа ҳудудга кўчиб ўтган тақдирда, кўрик иши ногироннинг янги кўчиб ўтган жойидаги ТМЭКнинг мазкур Қоидаларнинг сўровномаси асосида ТМЭК раисининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган конвертда почта орқали юборилади ёки ногиронга (тўлов пулини олувчига) ёхуд уларнинг қонуний вакилига қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида берилади. Сўровнома ногироннинг (тўлов пулини олувчининг) паспортида янги яшаш жойида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги белги асосида берилади.
Кўрик иши ТМЭК сўровномани қабул қилиб олган кундан бошлаб икки иш кунида берилиши лозим.
Қабул қилиш-топшириш далолатномаси икки нусхада расмийлаштирилади. Бунда унинг бир нусхаси ТМЭКда қолдирилади, иккинчи нусхаси эса кўрик ишига тикилади.
Агарда ногирон (тўлов пулини олувчи) Ўзбекистон Республикасининг битта ҳудуди (вилоят) доирасида доимий яшаш учун бошқа туманга (шаҳарга) кўчган тақдирда, сўровнома ва кўрик ишларини қабул қилиш-топшириш бевосита тегишли ТМЭКлар ўртасида амалга оширилади. Кўрик иши ногироннинг (тўлов пулини олувчининг) янги яшаш жойидаги ТМЭКда тегишли журналда рўйхатга олинади. Қабул қилиб олинган кўрик иши ТМЭК врач-экспертлари томонидан ўрганиб чиқилади. Агар ногироннинг (тўлов пули олувчининг) соғлиғи ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланиш даражаси ўзгарганлиги аниқланса, ногирон (тўлов пули олувчи) белгиланган тартибда қайта кўрикдан ўтказилади. Ногирон (тўлов пули олувчи) янги яшаш жойидаги ТМЭК томонидан рўйхатга олингандан сўнг икки нусхада рўйхатга олиш тўғрисида маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилиб, унинг бир нусхаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилади, иккинчи нусхаси эса кўрик ишига тикилади.