Юксак эътибор ва эъзоз намунаси
Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ташкил этилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги чуқурлаштирилган тиббий кўриклар Самарқанд вилоятида ҳам юқори савияда ўтказилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида ёши улуғ инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тиббий ва ижтимоий муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлаётир.
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган саломатлик ҳафталиги давомида вилоятимиздаги иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азиз Жўраев. – Бунинг учун тиббиёт муассасалари, илмий-текшириш институтлари, ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг юқори малакали шифокорларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускунлар билан таъминланди. Ногирон ва тиббий муассасага келиш имконияти чекланган нуронийларни ўз хонадонларида кўрикдан ўтказиш ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Пастдарғом тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган тадбирда тўрт юз нафарга яқин фахрий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шифокор мутахассислар уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, ўз тавсияларини берди. Касаллик аниқланган беморлар даволаниш учун тиббий муассасаларга йўлланмалар олди. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими томонидан дори-дармон ва тиббий воситалар тарқатилди.
– Бугунги тинч-осуда, фаровон кунларнинг қадр-қиммати жуда юқори, – дейди Фурқат маҳалласида яшовчи Зилола ая Холиқова. – Яратганга шукр, давлатимизнинг ғамхўрлиги, халқимизнинг эъзозида ҳаёт кечирмоқдамиз. Бундан бениҳоя хурсандмиз. Бугун шифокорларнинг ҳузуримизга келиб, ўз маслаҳатларини берганларидан бошимиз кўкка етди.
Саломатлик ҳафталиги вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.