Соғлом оила – жамият таянчи
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббуси билан «Соғлом она – соғлом бола» миллий моделини ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акромова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Н.Тожибоева ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, оналик ва болаликни ҳимоялаш, оилада соғлом фарзанд туғилиши ва камолга етишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги «2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мамлакатимизда ушбу йўналишда белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Она-бола скрининги хизмати, перинатал марказлар тармоғи тобора ривожланмоқда. Бирламчи тиббий-профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётир. Тиббиёт ходимларининг малака ва маҳоратини юксалтириш, она ва болага тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини юксалтириш, янги тиббий технологияларни амалиётга кенг жорий этиш доимий эътиборда.
«Соғлом она – соғлом бола» лойиҳасида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан бирга сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этаётир. Жумладан, ЎзЛиДеП томонидан бу борада бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2014 йилда партиянинг Аёллар қаноти ташаббуси билан жойларда кўплаб тадбирлар ташкил этилди, иккита махсус лойиҳа амалга оширилди. Ушбу тадбирларда оналик ва болаликни муҳофазалаш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, оиланинг маънавий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давра суҳбатида хотин-қизларнинг фаоллигини янада ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид тиббий-ижтимоий лойиҳаларни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.