Аҳоли саломатлиги йўлида
Фарғонада “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда аҳоли, айниқса, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва касаллик аниқланган шахсларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан ташкил этилган навбатдаги саломатлик ҳафталигига пойтахтдан келган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва илмий-текшириш марказларининг малакали мутахассислари жалб этилди.
Тиббий кўрикларни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Замонавий УЗИ, рентген, флюорография, кольпоскоп, ЭКГ, бош мия фаолиятидаги ўзгаришларни аниқлайдиган диагностика воситалари, клиник-биокимёвий, бактериологик лабораториялар касалликка аниқ ташхис қўйиш, хасталикни эрта босқичда аниқлаш ва соғломлаштириш имконини беради.
– Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди Зафар Сиддиқов. – Бу бежиз эмас. Чунки ўтган йиллар давомида соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий этилди. Жойларда бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими – қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг ташкил этилгани эса тизимга замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат кўламини янада кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.
– Ёшим 85 да, оилавий поликлиникамиз шифокорлари доим ҳолимдан хабар олиб туради, – дейди Фарғона шаҳридан Ҳабиба Мамажонова. – Шифокорлар маслаҳатини олиб тураман. Мана, бугун пойтахтдан келган мутахассислар қабулида бўлдим. Кардиолог, невропатолог, офтольмолог, терапевт каби мутахассислар энг замонавий технологиялар ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказди. Жиддий касаллигим йўқлигини эшитиб, жудаям хурсанд бўлдим. Шифокорлар саломатлигимни асраш учун нималарга эътибор қаратишим кераклиги хусусида тавсиялар берди. Уларга қатъий амал қиламан. Биз, нуронийларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимиздан миннатдормиз.